АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида сешанбадан бошлаб мигрантлар келадиган тўртта марказда комендантлик соати жорий қилинади. Ушбу қарорга маҳаллий аҳоли томонидан мигрантлар шаҳарда уйма-уй юриб тиланчилик қилаётганидан шикоят тушгандан кейин келинди, дейилади “The New York Post” газетаси тарқатган хабарда. Энди шаҳарга келувчилар соат 23:00 дан 6:00 гача тунни ўтказадиган махсус ётоқхоналарда қолишади.
Мазкур муаммо Техас губернатори Грэг Эбботт 2022 йилдан бошлаб Мексикадан АҚШ ҳудудига кириб келган мигрантларни турли жойларга, жумладан, Нью-Йорк шаҳрига жўната бошлагандан кейин шаҳар маъмуриятини хавотирга сола бошлаган эди. Ҳатто қоқ тунда ҳам Нью-Йорк маркази бўлган Манхэттенда бекорчи мигрантлар тўда-тўда бўлиб юрганини кўриш мумкин.
Ҳозирча комендантлик соати шаҳардаги тўртта мигрантлар марказига тегишли. Уларнинг иккитаси Квинс туманида, биттаси Бруклин ва яна бири Манхэттенда жойлашган.
Эбботт ва бошқа қатор губернаторлар анчадан буён президент Жо Байден маъмуриятининг миграцион сиёсатни жуда юмшоқ олиб бораётганидан норозилигини билдириб келмоқда.
ЎзА
- Қўшилди: 17.01.2024
- Кўришлар: 2498
- Чоп этиш