Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, юртимизда ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир. Хусусан, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида келтириб ўтилган.
Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов батафсил сўз юритди.
–Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59- 2-моддасига асосан хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулки ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш каби жиноят аломатлари бўлмаса, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари учрамаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, яъни 3 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 800 минг сўмгача жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш юз берган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, яъни 3 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 800 минг сўммгача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 10.05.2024
- Кўришлар: 1821
- Чоп этиш