2024 йил 1 январдан Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди. Қонунчиликка киритилган янги меъёрлар амалда қандай ишламоқда?
Бу саволга Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов жавоб берди:
– Процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, аввало, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширди. Яъни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш имконияти яратилди.
Энг муҳими, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тизими фуқароларнинг судга мурожаат қилиш билан боғлиқ оворагарчиликларнинг олдини олишга замин яратди.
Ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида кўрилиши орқали бир томондан, одил судлов амалга оширилаётган бўлса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси таъминланмоқда.
Суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибига кўра, биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш; апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни ушбу судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш; тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида, судлов ҳайъатлари томонидан кўрилган ишларни Олий суднинг раёсатида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.
Шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилиниб, уларга якуний қарор қабул қилиш масъулияти юклатилди.
Қонунчиликдаги янгиликлардан кейин жорий йил 25 март куни Олий суд пленумининг “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда фуқаролик ишини апелляция, кассация тартибида қайта кўриб чиқишда суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш кўзда тутилган.
Пленум қарори 50 банддан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишдан мақсад – судлар томонидан процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат.
Ҳужжатда апелляция, кассация тартибида суд қарорларини қайта кўришда келиб чиқадиган айрим процессуал масалалар бўйича зарур тушунтиришлар берилди. Хусусан, унда апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритишнинг асослари келтирилди.
Процессуал қонунда апелляция ёки кассация шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати белгиланган бўлиб, шикоят бериш ҳуқуқи ушбу шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ҳам ўтиши қайд этилган.
Бундай ҳуқуқ вояга етмаган, васий ва ҳомийга эга бўлган шахсларнинг қонуний вакилларига ҳам берилган. Шикоят берувчи шахснинг вакилига нотариал тасдиқланган тарзда берилган ишончномада эса, шикоят бериш ва уни имзолаш каби ваколатлар махсус кўрсатилган бўлиши лозим.
Пленум қарорида шикоят келтирилмайдиган суд ҳужжатлари, апелляция, кассация шикояти (протести)ни бериш тартиби, муддатлари, ушбу муддатларни ҳисоблаш, тиклаш, суд харажатларига доир масалалар юзасидан ҳам тушунтириш берилди.
Шикоят (протест)ни қабул қилиш масаласини ҳал этиш, суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиш, ишни биринчи инстанция қоидалари бўйича кўриш, далилларни текшириш, шикоят (протест) важларига ҳуқуқий баҳо бериш каби бошқа бир қатор масалалар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
2024 йил 1 январга қадар амалда бўлган фуқаролик процессуал қонунчилигига кўра, апелляция шикояти (протести)ни қабул қилиш масаласи ишни кўрган суд томонидан амалга ошириб келинган. Эндиликда бу ваколат вилоят ва унга тенглаштирилган апелляция, кассация инстанцияси судининг судьясига берилди.
Пленум қарорида суд ҳужжатини қабул қилган суд берилган шикоят (протест)ни процессуал қонуннинг бирон-бир талабларига мос эмаслиги асоси билан қайтариш масаласини ҳал қилишга ҳақли эмаслиги тушунтирилган.
Маълумки, процессуал қонунда апелляция, кассация шикояти (протести)ни бериш муддатлари бир ва олти ой деб белгиланган. Ушбу муддатларни тиклашни апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси якка тартибда ҳал қилади.
Қонун ҳужжатларида бу муддатларни тиклаш учун асослар, сабаблар ва омиллар келтирилмаганлиги боис бир хил суд амалиётини яратиш қийин кечаётган эди. Шунинг учун қарорда шикоят билан мурожаат қилиш муддатини тиклаш масаласини ҳал қилишда бунга тўсқинлик қилган объектив ҳолатларга қандай омиллар кириши, хусусан, жисмоний шахсларнинг касаллиги, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар узрли сабаблар ҳисобланиши тушунтирилиб, судьянинг муддатни тиклаш ҳақидаги хулосалари шикоят (протест)ни қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримларда асослантирилиши лозимлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган шикоят (протест) бериш муддатларини тиклаш учун уч ой қатъий ҳисобланиши қайд этилган. Ушбу уч ойлик муддат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) бўйича процессуал муддат тикланмайди.
Олий суд пленуми қарори фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган юқоридаги каби қоидаларни ўз ичига қамраб олган.
Янги ҳужжат судларнинг процессуал қонунни тўғри қўллаши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 24.04.2024
- Кўришлар: 1664
- Чоп этиш