Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан 2024 йил ўн ойида амалга оширилган ишлар хусусида Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълумот берди:
– Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 774 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2023 йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 468 тани ташкил этган.
Мониторинг ташрифлари давомида 9,5 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 4 минг 321 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.
Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.
Мониторинг ташрифлари натижасида тегишли вазирлик ва идораларга 16 талабнома, 10 тақдимнома, 13 та хулоса ва 3 та таҳлилий ахборот киритилди. Парламентга 6 та таҳлилий маълумот тақдим этилди.
Омбудсман тавсиясига кўра, 23-сонли маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди.
Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалидаги ошхона тўлиқ таъмирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида жойлашган 2 - сонли республика ва руҳий асаб касалликлари диспансери биноси ва хоналари таъмирланиб, беморларнинг яқин қариндошлари билан учрашишлари учун хоналар ҳамда махсус психотерапия муолажаларини ўтказиш кабинетлари ташкил этилди. Шунингдек, беморларнинг овқатланиши учун зарур шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, масъул идоралар томонидан Жиззах шаҳар ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари капитал, Самарқанд вилоятидагиси жорий таъмирланди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилди.
Бухородаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясининг 12 -биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва маҳкумлар сақланадиган камералардаги шароитлар яхшиланди.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликлар бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 56 нафар ходимга ҳайфсан берилди. 2 нафар ходим жаримага тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Наманган вилоятидаги минтақавий вакил ва “Ҳунарманд” уюшмасининг Наманган вилояти бошқармаси билан биргаликда маҳкумлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда. Ўтган даврда 180 нафардан ортиқ маҳкум касбга ўргатилиб, уларга сертификатлар берилди.
Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 2 минг 232 мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиши натижасида 32 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 18 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди. 7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришда ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 8 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди. 4 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилди.
Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 12 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олиши ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига кўмаклашилди.
Омбудсман номига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 шикоят келиб тушди.
Шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 52 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади. 62 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланилган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 409
- Чоп этиш