Telegram, Instagram, Facebook каби ижтимоий тармоқларда турли онлайн дўконлар рекламасига кўзингиз тушади. Маркетинг қоидаларини қай даражада ўзлаштирган билмадигу, рекламани қойиллатиб қўйишади. Кўпчилик блогерлар ҳам турли онлайн дўконлар рекламасига берилиб кетган.
Бироқ, онлайн дўконлардан кийим-кечак, парфюмерия маҳсулотлари харид қилиб, алданиб қолаётганлар кўп учрамоқда.
Бир қарашда бу муаммоларни кичик масала деб ўйлашингиз мумкин. Лекин, қийналиб топган пулингизга олган маҳсулотингиз сифатсиз чиқса, кимдир сизни “чув” туширса, ёмон ҳолатга тушишингиз аниқ.
Дейлик, интернет дўконлари буюртмангизни етказиб беради, қарасангиз сиз танлаган эмас, бутунлай бошқа маҳсулот. Уларга алоқага чиқиб, маҳсулотни алмаштираман десангиз, сизни “қора рўйхатга” солиб қўяди. Натижада уларга алоқага ҳам чиқа олмайсиз. Энг алам қиладигани онлайн дўконнинг манзил-маконини ҳам топа олмайсиз.
Шу ўринда айтиш жоиз, айрим онлайн савдо эгалари иши ҳийлага айланиб кетаётганини кузатамиз. Содда одамларни авраб, ёлғон рекламаларига ишонтириб топган пулларида барака бўлмаслигини ўзлари тушунармикан!? Бозордами, кўчадами, интернетдами савдогар аввало харидорни рози қилиш керак.
Тўғри, беш қўл баробар эмас. Онлайн савдо билан шуғулланиб, харидорни рози қилаётганлар ҳам бор. Тадбиркорликнинг барча турларидаги каби электрон бозорда ҳам ҳар хил инсонлар фаолият юритади ва бу ерда ҳам кимнидир алдаб, ёлғонига ишонтириб пул топишни касб қилиб олган кимсаларни топиш мумкин. Бугун ҳар икки инсоннинг бири онлайн савдода муаммога дуч келгани ҳақида гапириши мумкин. Балки онлайн харидларни амалга ошириш учун билим ва тажрибаларимиз камлик қилаётгани ҳам алданиб қолишимизга сабаб бўлаётгандир.
Юқоридаги каби “чув” тушиб қолишни истамаган, кўпчилик опа-сингилларимиз бозор кезиб, нарх-навони суриштириб, маҳсулотни яхшилаб кўздан кечириб сотиб олишни маъқул кўришади.
Агар онлайн сотиб олган маҳсулот сифатсиз чиқса, сотувчи товарни сифатлисига алмаштириб бермаса, бу вазиятда харидорнинг бир қанча ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади. Бунга қонунчилигимизда қатор чоралар мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 408-моддасига кўра агар товарнинг камчиликлари сотувчи томонидан маълум қилинмаган бўлса, тегишли даражада сифатли бўлмаган товар топширилган сотиб олувчи ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади.
Товарнинг бутлилигига кирадиган қисми тегишли даражада сифатли бўлмаса, сотиб олувчи мазкур товарга нисбатан ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишга ҳақли. Тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни сотган шахс уни тайёрлаган бўлмаса, товарни алмаштириш ёки унинг камчиликларини текинга бартараф этиш ҳақидаги талаблар сотувчига ёки товарни тайёрловчига қўйилиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 434-моддасига биноан сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра, худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни, товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини, харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Товар учун тўланган пул суммасини сотиб олувчига қайтариш вақтида сотувчи ундан товардан тўлиқ ёки қисман фойдалангани, товар кўриниши йўқолгани ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли товар қиймати қанча пасайган бўлса, шунча суммани ушлаб қолишга ҳақли эмас.
Демак, бу масалада Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят қилишингиз ёки фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтиш жоиз, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида Интернет дўкон очганда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси бўйича тадбиркорлик фаолиятини кўзда тутадиган электрон тижорат иштирокчисига айланади. Электрон тижорат шаклида амалга ошириладиган улгуржи ва чакана савдо “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида” низом ва Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари билан тартибга солинади.
Яна бир маълумот, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри маълумот берилган тақдирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига бағишланган бўлиб, унда истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт, дейилган.
Истеъмолчи сифатида ҳар биримиз онлайн савдода қандайдир муаммоларга дуч келганмиз ва келмоқдамиз. Кимдир буюртма берган маҳсулоти сифатсиз чиққанидан норози бўлса, кимдир узоқ муддат кутиб қолганидан, яна кимдир жуда қимматга харид қилиб қўйганидан афсусланади.
Давлат ривожи учун интернет магазинлари ҳам муҳим ҳисобланар экан, уларнинг фаолиятида қонунийлик мезонларини кучайтириш керак. Энг асосийси, бугун ҳар биримизда бирор маҳсулот харид қилаётганда танлов имконияти бор. Кимдир анъанавий савдо (бозорлар, дўконлар) орқали ёки интернет дўконларидан харид қилиш танлови бор. Энг муҳими, доимо олаётган маҳсулот сифатига эътибор қаратиш талаб этилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 2408
- Чоп этиш