Самарқанд шаҳрида жорий йил 13-14 май кунлари Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтди.
“Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланган халқаро анжуманда 30 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотларнинг 40 нафардан ортиқ вакилларииштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида ташкил этилган форумда сўзга чиққан БМТ, Парламент ассамблеяси каби йирик халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Форумда Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий иродаси туфайли хотин-қизларнинг манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари малакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди. Натижада ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётимизда, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда.
Анжуманда иштирокчилар ўзаро тажрибалар алмашиш, халқаро ташкилотлар ва молияинститутларнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ўрганиш мақсадида сессияларга бўлинган ҳолда фикр алмашди.
Бўлиб ўтган саккиз сессияда гендер тенгликни таъминлаш, бу борадаги халқаро ҳужжатлар, уларнинг бажарилиши, гендер бўйича стретегияларни миллий майдонда амалга ошириш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этишнинг минтақавий жиҳатлари, уларни бартараф этиш бўйича превентив чора-тадбирлар, нодавлат ташкилотларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувлар каби мавзуларда маърузалар тингланди ва музокаралар олиб борилди.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди. Кейинги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди.
Қонунчиликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.
Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва унинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер стратегияси қабул қилинди. Уни барча соҳа ва тармоқларга жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Икки кунлик форум доирасидаги мулоқотларда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, бу борадаги саъй-ҳаракат ҳамда имкониятлар таҳлил қилинди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда имкониятларни очиб бериш, шу жумладан, меҳнатга тенг ҳақ тўлаш ва Осиёда аёллар тадбиркорлиги учун қулай шарт-шароит яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Форум якунида олиб борилган музокара ва муҳокамалар натижаси сифатида Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Унда хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва уларни амалда таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, зўравонликка барҳам бериш, гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга қаратилган мақсадлар акс этган.
Жумладан, Осиё мамлакатларида XXI асрда ҳар ким тенглик, тараққиёт ва фаровонлик шароитида яшаб, хотин-қизлар ва эркаклар адолатли дунё барпо этиш йўлида биргаликда ҳаракат қиладиган жамият шаклланишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1598
- Чоп этиш