Озарбайжонда “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти ўтказилди

Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида озарбайжонлик ижодкорлар – ёзувчи ва шоир, “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” шеъри билан танилган Акиф Бағиров ҳамда адабиётшунос олим Яшар Қосим томонидан тайёрланган “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур асар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” асарлари асосида тайёрланган.

Озарбайжон парламенти вакиллари, таниқли ижодкорлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда юртимиз делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда халқларимизнинг бир-бирига яқинлиги, ўзаро дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

– “Шавкат Мирзиёев феномени” китобини тайёрлашга катта масъулият билан ёндашдик, – дейди таржимон Яшар Қосим. – Бу жараёнда кўпчилик билан маслаҳатлашдик, фикр алмашдик. Муаллиф Қудратилла Рафиқовнинг тили ва услуби ўзига хос. Таржима жараёнида шу жиҳатларни англаш, сақлаш, бунинг учун озар тилида чиройли жаранглайдиган сўзларни топиш ва қўллашга ҳаракат қилдик. Мазкур китоб ўқувчиларга Янги Ўзбекистонни янада яқиндан билиш, буюк ислоҳотлар асосчиси ва бунёдкорининг шахси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ва Миллат истиқболи, шони учун амалга ошираётган ишлари ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Тақдимотни Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межид олиб борди. Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор Ризоев, Ўзбекистон Республикасининг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, шунингдек мамлакатимиз делегацияси таркибидан ўрин олган бир гуруҳ ижодкорлар – журналист, ёзувчи ва шоирлар кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан қарши олган асарнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритди.

Қайд этилишича, Қ.Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” асарларидан сараланиб, маҳорат билан озарбайжон тилига ўгирилган ушбу китоб миллат Сардори, ватанпарвар инсон – Шавкат Мирзиёевнинг шахси, сиёсий фаолиятига бағишланган. Публицистик эсселардан иборат нашрда давлатимиз раҳбари бошчилигида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ёритилган. Янги Ўзбекистон бунёдкори ислоҳотларига эътиборсиз бўлмаган ҳар қандай инсон учун зарур маълумот ва таҳлиллар жамланган.

Тадбир иштирокчилари Озарбайжон Миллий кутубхонасида ташкил этилган “Ўзбекистон бурчаги”дан ўрин олган адабиётлар билан ҳам танишдилар.

Холмурод Салимов,

журналист

Озарбайжон, Боку шаҳри

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech