Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади. Бу факт. Она тили мустақил давлат учун истиқлол белгиси ва миллий ғурур рамзи ҳисобланади.
Албатта, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир миллат она тилини ҳам эъзозлайди. Уни ривожлантиради, тараққий эттиради. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилининг расмий давлат тили мақомига кўтарилиши том маънода тарихий ҳодиса эди.
Агар тиллар тарихига назар солсак, туркий тиллар, жумладан, ўзбек тили бой адабий хазинаси билан ҳар доим тадқиқотчилар эътиборини тортиб келганини кўрамиз. Кушон шоҳлари, Хун, Буюк турк хоқонлиги тангаларида зарб урилган “ябғу-жабғу” деган (хоқон, шаҳзода маъносидаги) сўздан тортиб Ўрхун-Энасой тошбитиклари, Марказий Осиё ҳудудидан топилган туркий ёзувдаги археологик ёдгорликларгача барчаси тилимизнинг қанчалик узоқ тарихга эга эканидан далолат беради.
Юсуф Хос Ҳожибнинг XI асрда яратилган “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Атабатул-ҳақоиқ” асарлари ва бошқа адабий манбалар тилимизнинг теран илмий, адабий ва фалсафий ғояларни ифода этишда беназир экани исботидир. Тилимиз тараққиётида “Девону луғотит турк” бениҳоя муҳим ўрин тутади. Маҳмуд Кошғарий ушбу асари билан она тилида илмий тилшуносликка асос солиб, унинг мураккаб қирраларини очиб берди.
Ўзбек тили XV асрда Алишер Навоийнинг кўп қиррали ижоди ва маърифатпарвар султон Ҳусайн Бойқаро ҳимояси билан гуллаб-яшнади, тараққиётнинг юксак поғоналарига кўтарилди. Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзбек тилининг илмий, адабий ва бадиий ифода имкониятлари нечоғли кенг эканини назарий жиҳатдан инкор этиб бўлмас далиллар билан кўрсатиб берди. “Хамса”, “Хазоин ул-маоний” ва бошқа асарлари орқали бу муҳим ҳақиқатни амалда исботлади.
Темурийлар ва улардан кейин Бобурийлар ўзбек тили ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Бобур дунёда тенги бўлмаган автобиография бўлмиш “Бобурнома”ни она тилида ёзиб, ўзбек тилини дунёга танитди. Ҳозиргача бу асар дунёнинг 20 дан ортиқ тилига таржима қилинган. Темурийлар ҳатто форс тилига ҳам ҳомийлик қилдилар. Эронлик тадқиқотчи доктор Забиҳулло Сафо “Эронда адабиёт тарихи” китобида тўғри таъкидлаганидек, темурийлар ва бобурийлар ўз ҳимоялари ва ижодий фаолиятлари билан форс тилини муқаррар инқироздан сақлаб қолдилар.
Бундай бағрикенглик бизнинг миллатимизга хос, десак муболаға бўлмас. Халқимиз ҳар доим бошқа миллатлар билан дўстона муносабатда бўлиб, уларнинг маданиятлари, урф-одатлари, айниқса, тилларига эътибор бериб келган. Жумладан, Султон Маҳмуд Ғазнавий саройида Фарруҳий, Унсурий, Асжадий, Фирдавсий, Ғазоирий Розий ва Манучеҳрий Домғоний каби йирик туркигўй шоирлар қаторида 400 нафар шоир форс тилида адабий ижод билан шуғулланган.
Туркистонда ислом дини тарқалгандан кейин туркий тил араб ва форс тиллари ва адабиёти билан ҳамкорликда янада ривожланди. Адабиётимизга аруз вазни кириб келди. Навоий ўзининг кўп қиррали ижоди билан бармоқ вазнидан арузга ўтиш жараёнини такомиллаштирди. “Мезон ул-авзон” асарида эса аруз илмининг усул ва қоидаларини ёритиб берди.
XX аср бошларигача бизнинг адиб, олим ва шоирларимиз кўпинча араб, форс тилларини яхши билганликлари туфайли шу тиллардаги адабиётлардан кенг кўламда фойдаланиш имконига эга эдилар. Аммо тоталитар тузум даврида кирилл имлосига ўтиш ва араб ёзувидаги китоблардан фойдаланиш ман этилиши оқибатида халқимиз қарийб минг йиллик бебаҳо хазинадан маҳрум қилинди.
Оқибатда мумтоз адабиётимиздан узоқлашдик. Навоий, Лутфий, Саккокий, Атоий, Бобур ва бошқа йирик шоирларимиз асарларидан фойдаланиш қийинлашди. Бу эса маънавий меросни ўзлаштириш ва тарғиб этишда салбий оқибатларга олиб келди. Мумтоз адабиётимиздан узоқлашиш асрлар давомида ўзбек тилининг бойлиги ҳисобланган кўпдан-кўп адабий сўзлар, ҳуқуқий, фалсафий, диний ва ирфоний атамалар истеъмолдан тушиб, ўзбек тилининг муайян даражада қашшоқлашишига сабаб бўлди.
Шўро сиёсати таъсирида тилимиз чекланди, ирфон, мантиқ, шариат, ақоид, фиқҳ ва тасаввуфга оид кўплаб атамалардан фойдаланиш амалда тақиқланди. Миллий ифтихоримиз, миллий ғуруримизга боғлиқ бўлган сўзларни ишлатиш ман этилди. Атоқли шоир ва адиб, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидов таъкидлаганидек, “Ўзбекистон деб аталган юртда ўзбек тили қуйи даражадаги тил, авом тили ҳисобланди, юксак минбарлардан, илмий, маънавий анжуманлардан қувғин қилинди”.
Бундай ғайримиллий сиёсат оқибатида илгари халқимиз учун аниқ ва тушунарли бўлган бир қанча сўзлар ва атамалар ўз ҳақиқий моҳиятидан узоқлаштирилди ва баъзан нотўғри маънода ишлатилди. Биз бу каби сўзлардан айримлари ҳақида фикр юритишни лозим деб топдик.
Муҳим аҳамият. Ушбу иборада “муҳим” сўзи “аҳамият” сўзининг даражаси ва катта эътиборга эга эканини кўрсатиш мақсадида унга сифат қилиб қўшилган. Лекин бу таркиб нотўғри. Негаки, бир сўзни, ўзининг маъноси билан таърифлаш ёки тавсифлаш мантиққа тўғри келмайди. “Муҳим” сўзининг маъноси аҳамиятли демакдир. Энди агар биз “фалон иш муҳим аҳамиятга эга” десак, дарҳақиқат, ўша иш “аҳамиятли аҳамиятга эга” деган бўламиз, бундай ифода нотўғри. Шунинг учун муҳим сўзи ўрнида бошқа бир сўз, масалан, катта аҳамият, ҳаётий аҳамият, халқаро, илмий-амалий ёки кенг қамровли аҳамиятга эга, деб ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ташриф. Бу сўз улуғворлик, юксаклик, қадру мартаба, юқори насаб маъносида бўлган “шараф” сўзи ўзагидан келиб чиққан. Ташриф сўзи шараф бағишламоқ, мушарраф айламоқ, улуғвор қилмок, улуғламоқ, улуғлик бағишламоқ маъноларини англатади. Одатда сўзлашувда ҳурмат юзасидан меҳмон ёки кекса кишиларга қарата “Уйимизга ташриф буюринг”, “Ташрифингиз чоғида биз уйда йўқ эдик” каби мазмунда айтилади. Баъзан энг олий мақом соҳиби, масалан, давлат раҳбарларига нисбатан ҳам ташриф сўзини ишлатиш мумкин.
Аммо “ташриф” сўзи ҳеч қачон оддий шахс, масалан, журналист ёки ёзувчи, ё оддий фуқаро томонидан ўзига нисбатан ишлатилмайди. Чунки бу манманлик ҳисобланади. Дейлик, журналист “Мактабга ташрифимиз чоғида болалар спорт билан машғул эдилар” ёки “Биз ўша жойга ташриф буюрдик” деса, катта хато ва кулгили бўлади. Бизда ушбу сўз, афсуски, кўп ҳолларда ноўрин ишлатилади.
Баҳс. Бу арабча сўз бўлиб, араб, форсий ва туркий тилларда қидириш, тадқиқ этиш, текшириш, суҳбат олиб бориш, мунозара қилиш маъноларида ишлатилади. Баҳс ҳар доим оғзаки ёки ёзма бўлади, сўз воситасида баҳслашилади.
Лекин журналистларимиз баҳсни футбол ўйинлари жараёнида жамоалараро бир-бирига қарши курашиш, мусобақа қилиш маъносида ҳам ишлатадилар. Бу тўғри эмас. Бунинг ўрнига мусобақа, куч синашиш каби сўзлар ишлатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Олий жазо. “Олий” сифат сўз туркумига оид бўлиб, юксак, улуғ, баланд, улуғвор ва қимматли маъноларида қўлланилади. Олий насаб, олижаноб, олий рутба, олий ҳиммат ва олиймақом каби сифатлар шу сўз билан ясалади ва салбий маънода қўлланилмайди. Лекин бизда ушбу сўз “олий жазо” таркибида салбий тушунча сифатида катта жиноятлар учун бериладиган энг оғир жазо маъносида ҳам ишлатилмоқда.
Биз “Суд фалон қотилни олий жазо ёки энг олий жазога маҳкум қилди”, деганда ўлим жазосига ҳукм қилинди, демоқчи бўламиз. Аслида эса “олий жазога ҳукм қилинди” иборасининг луғавий маъноси “юксак ва яхши жазога ҳукм қилинди” ёки “юксак мукофот берилди” маъноларини англатади. “Олий” сўзи салбий маънони ифодалаши мумкин эмас. Шунинг учун “олий жазо” ўрнида “оғир жазо, қаттиқ жазо, энг оғир жазо, ўлим жазоси” атамаларидан фойдалансак, тўғри бўларди.
Жиноят қонунчилиги ёки Жиноят кодекси. Бу атамалар ҳам нотўғри ишлатилади, чунки мазкур қонунчиликда жиноят содир этган шахслар (жиноятчилар) учун жазо тайинланиши кўзда тутилган. Унда жиноятни содир этиш учун имкон берадиган бирор қоида мавжуд эмас. Шу боис, бу атамалар ўрнида жазо қонунчилиги ёки Жазо кодекси дейилса, тўғри бўлади.
Яна бир фикр. Кўпинча ўз тилимизда мавжуд бўлган чиройли сўзлар ўрнида арабча, форсча ёки русча сўзларни ишлатамиз. Масалан, “у онасининг оғушида ўсди”, деймиз. Бунинг ўрнига “онасининг қучоғида” ёки “бағрида ўсди” дейилса, мантиқли бўларди. Ёки “ўз ҳаётини фанга бахшида қилди” ўрнида “ўз ҳаётини фанга бағишлади”, деганимиз маъқулроқ.
Шоир Эркин Воҳидов “Она тилим” мақоласида (“Халқ сўзи”, 2003 йил 21 октябрь) ўзбек тили ривожига оид бир қанча муаммоларни таҳлил қилиб, уларни ҳал этиш йўлларини топишга интилган ва жуда фойдали таклифлар билдирган эди. У тил муаммоларини текшириб, бир муҳим масалага эътиборни қаратади: “Алишер Навоий жаҳон шоирлари ичида энг кўп сўз ишлатган, луғати бой шоирлардан бири ҳисобланади. Унинг тилини “архаик” десак, ўрганиб қайта жон бахш этмасак, Навоийнинг сўзи бизники-ю, шеъри бизники эмас, деган бўламиз”.
Ўзбек адибларининг бу каби барча таклиф ва хулосаларини қўллаган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, давлат тили – ўзбек тилини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш, ундаги бўшлиқларни тўлдириб, камчиликларни тузатиш тилшуносларимиз ва масъул кишилар олдида турган катта тарихий бурч ҳисобланади.
Она тилимизни янада бойитишни таъминлаш, чет тиллардан кириб келаётган янги сўзлар ва атамаларни қабул қилиш механизмини белгилаш ёки уларга муодил (тенгдош) сўзлар ва атамалар яратиш зарурати кун сайин ошиб бормоқда эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ушбу заруратдан келиб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Атамалар комиссияси ташкил этилди. Иқтидорли ва илмий салоҳият эгалари бўлмиш бир гуруҳ филологлар, ўзбек, араб, форс ва туркий тиллар мутахассислари, тил ривожига тегишли айрим фанлар олимлари ушбу янги тузилмаларга тайинландилар.
Ўзбек тилини бошқа тиллар салбий таъсиридан ҳимоя қилиб, мустақил такомиллаштиришга қаратилган ушбу фармон ижросини таъминлаш учун тегишли органлар фаол иш олиб бормоқда. Шу зайл ўзбек зиёлиларининг йиллар давомидаги миллий армонларидан бирини рўёбга чиқариш учун замин яратилди.
Абдулҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,
ҳуқуқ фанлари доктори, профессор,
Турон фанлар академияси ҳақиқий аъзоси
("Янги Ўзбекистон" газетасининг 2020 йил 16 май сони)
- Қўшилди: 17.05.2020
- Кўришлар: 7852
- Чоп этиш