“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ўзбeкистон – 2030” стратeгияси рамзи ишлаб чиқилди. Рамзнинг асосини «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» тимсоли сифатида «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументи образи ташкил этади.
Рамзда акс эттирилган Мустақиллик монументи мамлакатимиз тарихи, бугунги куни ва келажакнинг ўзаро уйғунлиги ифодаси сифатида талқин этилади. Унинг юксакликка бўйлашиши негизида халқимизнинг бирлиги ва бирдамлиги, Ўзбекистоннинг дунё давлатлари билан ҳамжиҳатлиги, тинчликсевар сиёсати мужассамлашган.
Шунингдек, юқорига интилган чизиқлар динамикасида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг бешта устувор йўналиши ва унда белгиланган 100 та мақсадни тўлиқ ҳамда муваффақиятли амалга ошириш ғояси мавжуд.
Логотипнинг юқори қисмида бахт-саодат, ҳуррият ва тинчлик тимсоли ҳисобланган Ҳумо қуши тасвирланган. У қадим уч минг йилдан зиёд давлатчилик тажрибасига эга, навқирон, орзу-мақсадлари улкан, қонида эрксеварлик туйғулари жўш ураётган, меҳнатсевар ва олижаноб халқига таянадиган давлат тимсоли сифатида гавдаланган.
Ҳумо қушга туташ устунлар эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар, таълим-тарбия, давлат ва жамият мувозанатининг ифодаси сифатида тасвирланган. Шунингдек, мазкур элемент давлатнинг ҳокимиятни амалга ошириши, шу билан бирга, жамият манфаатлари, эркинликлари, талаблари ўртасидаги мувофиқлик ва уйғунликни англатади.
Мустаҳкам оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида доимо давлат муҳофазасидадир. Стратегия рамзида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида қоида сифатида белгиланган «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг мажозий нишонаси сифатида учбурчак шакл элементидан фойдаланилган.
У фаол ислоҳотлар даврида аҳолининг барча қатламларини муҳофазалаш, тенг имкониятлар яратиш, айниқса, оилалар, болалар ва аёллар, қариялар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам ҳамиша давлат олдидаги устувор вазифа эканлигининг тамал тошидир.
Мустақиллик монументининг ички қисмида акс эттирилган жамият – Ўзбекистоннинг халқи образи ҳисобланади. Унда юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, улуғ мақсад йўлида бирлашган, тинчликсевар, меҳнаткаш, бағрикенг ва доно халқимиз гавдаланади, дейилади «Тараққиёт стратегияси» маркази маълумотида.
Шунингдек, мазкур образ мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон қадри, унинг фаровон турмуш кечиришига қаратилаётганини акс эттириб, давлатнинг бебаҳо бойлиги халқ эканлигини англатади.
Умуман олганда, «Ўзбeкистон – 2030» стратeгияси рамзи халқимизнинг тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатли эканлигини намоён қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА
- Қўшилди: 05.04.2024
- Кўришлар: 2105
- Чоп этиш