БМТ томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) дунё бўйлаб амалга оширилмоқда. Остонада Қозоғистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижросини мониторинг қилиш бўйича парламент комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.
“Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш: парламентлар ва маҳаллий вакиллик органларининг роли” мавзусига бағишланган мажлисда Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, эксперт ва мутахассисларни бир жойга жамлаган тадбирда минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишини таъминлашда парламентлар ва маҳаллий вакиллик органларининг ўрни муҳокама қилинди.
Иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш каби экологик хавф-хатарлар, сув вa энергетика хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда БРМ ижроси, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясининг фаоллик кўрсатаётганига алоҳида урғу берилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон БРМга эришиш йўлида катта ютуқларга эришаётганини кўрсатиб ва минтақавий ҳамда халқаро даражада ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлаб, глобал устуворликларни миллий кун тартибига интеграциялашда намуна бўлаётганини таъкидлади.
Мажлис доирасида иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, чўлланиш каби экологик таҳдидларга, шунингдек, сув ва энергетика хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ушбу масалаларни ҳал этишда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчилик тажрибасини алмашиш ва маҳаллий ҳокимлик вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Мажлис якунлари бўйича минтақа мамлакатларининг ҳамжиҳатликда, кенг қамровли ва мувозанатли ривожланишига эришиш учун парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
Жойларда барқарор ривожланиш кун тартиби муваффақиятли амалга ошиши кўп жиҳатдан маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига боғлиқлиги боис уларнинг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 16.12.2024
- Кўришлар: 371
- Чоп этиш