Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Жаҳон етакчилари саммитида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамият учун ўта долзарб аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди.
Иқлимшунослар фикрича, Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати ўртача глобал кўрсаткичдан кўра тез суръатда кўтарилмоқда. Осиё тараққиёт банки сўнгги 50-60 йил ичида минтақадаги музликлар эриши 30 фоизни ташкил этган. Масалан, Қозоғистон сўнгги 60 йилда тоғ музининг 45, Қирғизистон эса сўнгги етмиш йилда 16 фоизини йўқотган. Тожикистонда ҳам муз камаймоқда. Тожик олимлари бу ҳолатни охирги 70 йилда ҳаво ҳарорати 15 фоиз кўтарилиши билан изоҳламоқда.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотида Марказий Осиёнинг “иссиқлик” даражаси глобал кўрсаткичдан 2 баробар юқори экани таъкидланган. Сўнгги 30 йилда ҳаво Целсий бўйича бутун дунёда ўртача 0,7 даража, минтақада эса 1,5 даражага исиган. 2085 йилга келиб, ҳарорат 2,0-5,7 даража кўтарилиши кутиляпти.
Айни омиллардан келиб чиқиб, Президентимиз Ўзбекистоннинг Париж битими доирасидаги бош мақсади сифатида Марказий Осиё минтақасида ҳаво ҳарорати ўсишини аср сўнгига қадар 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон 2017 йил Париж келишувига қўшилган ва шундан буён айни йўналишда муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари минтақа марказидаги мамлакат сифатида республикамиз амалга ошираётган ишлар, истиқболдаги режаларга тўхталди. Жумладан, минтақавий иқлим стратегияси ишлаб чиқилгани ва ҳаётга татбиқ қилинаётганини қайд этди.
Охирги 25 йил Марказий Осиё глобал исиш таъсирида юзага келган турли табиий офатлар (сув тошқини, қурғоқчилик, кўчки, иссиқлик тўлқини)дан кўрган зарар 2 миллиард 204 миллион долларни ташкил этди. Жаҳон банки маълумотида зилзила, кўчки, тошқин, сел, қурғоқчилик, қор кўчкиси ва экстремал ҳарорат ҳар йили Марказий Осиёда 3 миллионга яқин одамга талофат етказгани, минтақага 10 миллиард доллар зарар етказганига эътибор қаратган.
Шавкат Мирзиёев саммитда Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этишни таклиф қилди. Шунингдек, трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва барқарор биохилма-хилликни сақлашга ягона ёндашув зарурлигига урғу бериб, бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтиришга чорлади ва мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” дастури доирасида кўкаламзорлаштириш ҳаракати ва углерод мувозанатига эришиш бўйича ислоҳот кенг миқёсда олиб борилаётганини маълум қилди.
Агар минтақамизда исиш суръати шундай давом этса, 2050 йилга бориб Амударё ва Сирдарёда сув камайиб, ҳудудий ЯИМ миқдори 11 фоиз тушиши мумкин. Шу боис Ўзбекистон етакчиси ўсимликларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурслар минтақавий банкини ишга тушириш ва 2030 йилгача ҳавога буғланган газ чиқишини 35 фоиз камайтириш режа қилингани, бу борадаги ишларни 2050 йилга қадар янада кенгайтириш кўзда тутилгани ҳақида сўзлади.
Шуниндек, давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратган жиҳатларга юртимизда электромобил ва “яшил” водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация хаблари яратилаётгани ҳамда “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача ошириш бўйича амалий ҳаракат бошланганини мисол қилиб келтириш мумкин. Қолаверса, Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзоланиши кутилаётгани маълум қилинди. Умуман, Президентимиз нафақат мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталди, балки қуйидаги ташаббус, таклифларни ҳам илгари сурди:
1. Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда БМТ инновацион агросаноат хаби яратиш;
2. БМТ шафелигида Дарё экотизимининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисида декларация ишлаб чиқиш;
3. Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ва тузилманинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш.
Хулоса шуки, Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришига бефарқ эмас. Ушбу муаммони ички ва ташқи сиёсатнинг муҳим, устувор йўналиши сифатида белгилаб олган. Энг муҳими, мазкур салбий ҳолатнинг мамлакатимиз ва минтақамизга салбий таъсири ҳозирдан сезилаётгани боис, бу борада амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.
Равшан Ғозиев,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
Сардор Раҳимов, ТДШУ магистранти.
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 846
- Чоп этиш