Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганади

11 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммитида берган таклифлари юзасидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганишини маълум қилди.

 

 

“Бу ерда [камбағаллик даражаси юзасидан] БМТ кўрсаткичлари ва индикаторлари бор. Лекин биз ўзимизнинг эҳтиёж ва манфаатларимиздан келиб чиқишимиз керак... Биласизми, ўзбек оиласида нечта одам ишлайди? Аксарият битта ёки иккита. Масалан, Швейцарияга борганимда гаплашгандим. Битта эркак уйда болаларини боқади, аёли эса ишларкан. Чунки аёли кўпроқ маош оларкан. Бу [улар учун] табиий ҳол. Ўзбек оилалари шуни қабул қиладими? Ўйлашимча, жуда қийин бўлса керак.

Шунинг учун ўйлайманки, мана шу вазирликнинг тузилиши [камбағалликни қисқартириш бўйича] ҳамда президентимиз кўп қайтаряптилар, Хитой тажрибасининг ўрганилиши муҳим. Хитой 1,5 миллиард аҳолисини боқа олди ва бутун дунёни гуручга тўлдириб ташлади. Бутун дунёдаги болаларнинг қўғирчоғи ва энг зўр бренд кийимлар ҳам Хитойдан.

Хитойга кўп борганман, у ерда турар жой йўқлигидан одамлар навбат билан ухлайди. Оилада кимдир кундузи ишласа, кечаси ухлайди, кечаси ишлайдигани ўша жойда кундузи ухлайди. Лекин ҳаёт даражасининг ўсиши ва камбағалликни бартараф қилиш борасида Хитой жуда катта ютуқларга эришган. Шунинг учун биз камбағалликка қарши дастурни тайёрлашда бу давлат тажрибасини эътиборга олишимиз керак деб ўйлайман”, – деди Акмал Саидов.

Манба: kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech