Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18 апрель куни давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрига келди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари нафақат қўшни, балки асрлар давомида қондошу қардош бўлиб, бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ягона осмон остида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб келган, яхши-ю ёмон кунларда елкама-елка туриб, қийинчиликларни енгиб ўтган. Ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.
Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли кейинги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланди.
Пойтахт аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон Президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.
Сўнг Президентимиз “Дўстий” майдонига ташриф буюриб, Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.
Душанбедаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди.
Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди.
Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.
Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Ташриф арафасида Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилган бўлиб, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилди.
Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.
Томонлар кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ҳам белгилаб олдилар. Шу мақсадда қўшма Инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фойдаланилади.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
– Кейинги йилларда олий даражадаги ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш руҳидаги фаол мулоқот натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият ва катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
– Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда – парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишладилар.
Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз ҳудудлараро ҳамкорлик учун катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ташриф доирасида эришилган битим ва келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга аҳдлашиб олдилар.
Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Йиғилиш давомида Бош вазирлар ўринбосарлари, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги вазирларининг кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйишга топшириқ бердилар.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Умуман, ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат, жумладан:
– Саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;
– давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари, халқаро автомобиль ва авиация қатновлари тўғрисидаги битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённомалар;
– Ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик, агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харита”лари;
– Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Сўғд вилояти, Қашқадарё вилояти ва Хатлон вилояти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва 2024-2026 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари ҳамда бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича самарали фаолияти, шунингдек, биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун икки мамлакат маданият ва санъат арбобларининг бир гуруҳига фахрий унвонлар бердилар.
Мамлакатимиз етакчисининг давлат ташрифи доирасида ушбу унвонлар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, Тожикистон миллий консерваторияси доценти Исмоил Назриев, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг Ф.Шахобов номидаги "Шошмақом" ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, А.Жўраев номидаги Тожикистон давлат филармонияси "Фалак" ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" фахрий унвонига сазовор бўлди.
Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти «Мақом хонандалиги» кафедраси профессори Муножатхон Йўлчиева, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат филармонияси "Лазги" ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров ва хонанда Юлдуз Усмоновага "Тожикистон халқ ҳофизи" фахрий унвони, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга "Тожикистон халқ артисти" фахрий унвони берилди.
Давлат раҳбарлари фахрий унвонлар нишонларини ўз соҳибларига тантанали равишда топширдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон олий даражадаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.
Ўзбекистон Президенти Тожикистон Президенти ва халқига ҳар доимгидек илиқ ва самимий қабул учун дилдан миннатдорлик билдирди.
Томонлар дўстлик ва ишонч муҳитида ўтган олий даражадаги учрашувлар якунларини юксак баҳоладилар.
– Яна бир бор таъкидлайман, Тожикистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир. Биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос бўлган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ушбу ташрифнинг чинакам тарихий натижаси бўлгани қайд этилди:
– Бу қадам билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича ортга қайтмас йўлдан юришга қатъий интилишимизни тасдиқладик. Ушбу муҳим ҳужжат, ҳеч муболағасиз, икки томонлама муносабатларда янги тарихий даврни англатади, – деди давлатимиз раҳбари.
Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши этиб белгиланди.
Кейинги йилларда бир неча ўн карра кўпайган товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат ҳукуматлари олдига товар айирбошлашни, шу жумладан, учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини фаол тўлдириш орқали 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Куни кеча ўтган бизнес-форумида салмоқли шартномалар ва битимлар тўплами имзолангани ушбу мақсадга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ойбек – Фотехобод” чегараолди эркин савдо зонаси ва “Андархон” савдо-логистика марказини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида саноат кооперациясида, энг аввало, икки мамлакат бир-бирини тўлдириб турган анъанавий тармоқларда янги ўсиш нуқталари белгилаб олинди.
Машинасозлик, энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар шулар жумласидан.
Бундай муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон –Тожикистон инвестиция компаниясининг салоҳиятидан самарали фойдаланилади.
Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Ҳамкорликнинг яна бир стратегик йўналиши – икки мамлакат транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун қулай шароитлар яратиш.
Йўловчи ва юклар ташиш ҳажмини ошириш, замонавий чегараолди ва божхона инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма чоралар кўрилади.
Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини фаол ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
Кўргазмалар, театрларнинг ижодий сафарлари, ёшлар ва таълим форумларини мунтазам ўтказиш, спорт дастурларини амалга ошириш, туризм хизматларини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштириш масалалари музокаралардан муҳим ўрин эгаллади.
Томонлар ушбу тарихий ташриф, унинг самарали натижалари ва имзоланган муҳим ҳужжатлар икки мамлакатнинг жадал тараққиётига хизмат қилиши, биродар Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг умумий фаровонлигини таъминлашига ишонч билдирдилар.
Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон концертни биргаликда томоша қилдилар.
Икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айланган. Зеро, меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Бугун ушбу орзу-интилишлар ҳаётга кўчмоқда, мамлакатларимиз етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Бу жиҳатлар бугунги концерт дастурида яна бир бор тасдиқланди. Истеъдодли санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқларда халқларимиз маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклиги ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА
- Қўшилди: 22.04.2024
- Кўришлар: 1670
- Чоп этиш