“Ўзбекистон–2030” стратегиясида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни жорий қилиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш кўзда тутилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш орқали уларнинг бандлигини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан 2022 йилда 3 минг 399 нафар, 2023 йилда 5,2 минг нафар ва 2024 йилнинг январь-апрель ойларида 2 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган ишсиз шахс касб-ҳунарга ўқитилган.
Ногиронлиги бўлган ёшларга анъанавий ва замонавий касбларни ўргатиш, фанлар ҳамда хорижий тилларга ўқитиш, ўқиш даврида яшаш ва транспорт харажатларини қоплаб бериш мақсадида субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда.
2023 йил давомида ижобий тавсия берилган 437 нафар ногиронлиги бўлган ёшларга 5,1 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Бу Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” мавзусидаги давра суҳбатида қайд этилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.
Мономарказ ва касб-ҳунарларга ўқитиш марказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ўқув курсларини ташкил этишда шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, касб-ҳунарларга ўқитилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат фаолиятига рухсат этилган соҳа ва тармоқларни ўрганиш ҳамда талаб юқори бўлган касблар рўйхатини шакллантириш зарур.
Давра суҳбатида ногиронлиги бўлган шахсларга таълим бериш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги хориж тажрибасига тўхталиб ўтилди. Бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш юзасидан фикрлар билдирилди.
Давра суҳбати якунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 30.05.2024
- Кўришлар: 1482
- Чоп этиш