Бунгача аёллар фақатгина йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин эди.
Ўзбекистонда аёллар автобусларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори 2-иловаси 27-банди ҳамда 3-иловаси 5-банди ўз кучини йўқотган.
Эндиликда аёлларга қуйидаги йўналишлар бўйича меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилди:
- юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқариш;
- йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш.
Эски нормаларнинг бекор қилиниши билан аёлларга қўшимча касб ва соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланган. Шунингдек, транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришга аёлларни жалб этиш имконияти яратилган.
Қайд этилишича, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради.
Kun.uz
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 2082
- Чоп этиш