Ёшларни оилага тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш бугунги кунда долзарб саналади. Айни масала оиланинг мустаҳкамлиги, унга дарз кетмаслигида асосий омилдир. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан оилаларни асраш, эрта никоҳларнинг олдини олиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти оилалар мустаҳкамлиги, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятни ошириш, гендер тенглиги, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга оид турли услубий қўлланмалар тайёрлаш, чоп этиш ҳамда тарғибот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишда самарали иш олиб бормоқда.
Институт томонидан доимий равишда оилалардаги турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида тавсиялар, ўқув қўлланмалар, илмий рисолалар тайёрланади. Маҳалла хотин-қизлар фаоллари айни қўлланмалар асосида ўз фаолиятини ташкил этади. Институтда эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган 3 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳа бажарилди. Лойиҳалар натижасида эрта турмушнинг олдини олишга қаратилган 3 та ижтимоий ролик, 2 та анимацион фильмлар яратилди. Улар республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Эрта никоҳларнинг олдини олиш, уларнинг салбий оқибатлари юзасидан маҳаллалардаги “Ота-оналар университетлари” учун 9 та, мактаблар ва профессионал таълим муассасалари учун 7 та, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари учун 7 та тақдимот тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилди.
Мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш бўйича кейслар ва тестлар тўпламидан умумтаълим мактабларининг ҳуқуқ фани ўқитувчилари дарс жараёнида фойдаланиши учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этилди.
Ота-оналар ҳамда ёшлар учун “Эрта турмуш – етти ўлчаб, бир кесинг”, “Эрта турмуш – барчага ташвиш”, “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга қарши бирга курашамиз” номли илмий-услубий қўлланмалар яратилди ҳамда улар “Китоблар карвони” лойиҳаси орқали барча ҳудудларга етказилди.
Эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган 12 та тарқатма материал (буклет ва флаерлар) тайёрланди ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Эрта никоҳларнинг олдини олиш юзасидан услубий қўлланмалар, мультимедиа маҳсулотлари, тарқатма материаллар 14 та ҳудудий Оила ва хотин-қизлар бошқармаларига, 208 та туман, шаҳар бўлимларига, 185 та ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларига, юртимиздаги 9 минг 370 та маҳаллаларга жамоатчилик тузилмалари ва маҳалла ходимлари томонидан тарғибот ишларини олиб боришда фойдаланиш учун етказилди.
Шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг йиғилишларида институт томонидан яратилган мультимедиа маҳсулотларининг намойиши ташкиллаштирилди ва маҳаллалардаги “Ота-оналар университетлари”га ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларига етказилди.
Институт томонидан эрта турмуш ва эрта туғуруқ қайд этилган ҳудудлардаги ўзгаришларни электрон тарзда кузатув харитаси яратилди. Аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ва тарғибот тадбирларини кучайтириш мақсадида “Менинг оилам” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Мазкур иловага 50 дан ортиқ аҳоли учун фойдали бўлган маълумотлар, видеоролик, буклет ва флаерлар жойлаштирилган. Хулоса қилиб айтганда, институт томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар барқарор ривожланиш миллий мақсад ва вазифаларга эришиш, шунингдек оила, хотин-қизлар ва гендер тенгликка оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 21.11.2024
- Кўришлар: 702
- Чоп этиш