Ўзбекистонга 100 нафар фаластинлик болалар ва аёллар олиб келинди

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 ноябрь куни Фаластин муаммосига бағишланган навбатдан ташқари араб-ислом саммитида иштирок этиб, тинчликка элтувчи бир нечта хайрли ташаббусларни илгари сурган эди. Жумладан, Президентимиз Фаластин-Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, урушда жабрланган бир гуруҳ фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлаганди.

"Минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас. Урушдан жабр кўрган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистондаги клиникаларда бепул даволашга тайёр эканимизни билдирамиз", деган эди Ўзбекистон Президенти. 

Ушбу хайрли ташаббус ортидан кеча Ўзбекистон томонидан Тошкент-Миср-Тошкент йўналишида махсус йўловчи чартер рейс амалга оширилди. Мамлакатга 100 нафар уруш ҳудудларида азият чеккан фаластинлик болалар ва аёллар олиб келинди. Ўзбекистонга келган бемор болалар ва аёллар, уларга ҳамроҳлик қилувчилар эндиликда давлат томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади ва соғломлаштириш сиҳатгоҳларига жойлаштирилади. Уларнинг ҳаётга тўлақонли мослашувини таъминлашга кўмак берилади. 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech