ҚОҲИРА, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан инглиз тилида соддалаштирилган услубда ўзбек тилини "нол"дан ўргатувчи "Uzbek language grammar. Simplified system" номли қўлланма тайёрланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Қайд этиш керакки, ўзбек тилини хорижда оммалаштиришда асосий муаммо сифатида замонавий талабларга жавоб берадиган ўзбек тили грамматикасига оид чет тилида ёзилган қўлланмани топиш мушкул эди.
Бунга қадар ўзбек тили грамматикаси ҳақида қўлланмалар асосан рус тилида бўлиб, инглиз тилида ёзилган дарсликларни очиқ манбаларда топиш имконсиз. Мавжуд дарсликлар ҳам юзаки бўлган ёки улар мустақил тил ўрганишга мўлжалланмаган. Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида хорижий тилларни ўрганиш бўйича тажриба асосида мазкур китоб тайёрланди.
Ушбу китобнинг кириш қисмида ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, унинг ўзгариш босқичлари ҳамда ўзбек халқининг шаклланиш тарихи ҳақида сўз юритилган.
Бошқа қўлланмалардан фарқли равишда китобнинг асосий қисмидаги 20 та дарслар йирик мавзуларни алоҳида-алоҳида тўлиқ тушунтиришга эмас, балки хорижий тилни ўрганиш учун энг зарур бўлган қоидалар ва конструкцияларни ўргатишга бағишланади, кейинчалик мавзулар аста секин мураккаблашиб боради.
Ўзбек тилида феъл замонларини тушуниш хорижликлар учун нисбатан мураккаблигини инобатга олиб, қабул қилинган стандартлардан фарқли равишда инглиз тилига қиёслаб содда кўринишда тушунтирилган.
Ҳар бир дарс сўнггида қисқа машқлар ва матнлар келтирилган. Бунда ўрганувчига оғирлик бўлмаслиги учун машқлар сони кўпайтирилмаган. Зеро, ҳозирги замонда ҳар бир шахс ихтиёрий тилда исталган миқдорда маълумотларни Интернет тармоғидан топиши ва турли дастурлар ёрдамида уларни таржима қилиши мумкин.
Китоб сўнггида тил ўрганишни осонлаштирувчи қўшимча қисмлар ҳам киритилган.
Маълумки, хорижий тилни ўрганган шахс тегишли давлатга борганида расмий тил ва халқ қўллайдиган сўзлашув ўртасидаги фарқ туфайли, ушбу тилни тушунишда қийинчиликка учрайди. Шуни инобатга олиб, ўзбек тили шевалари ва уларнинг фарқлари тушунтирилган ҳамда халқ орасида ишлатиладиган, лекин адабий тилга киритилмаган баъзи кенг фойдаланиладиган ўзлашма сўзлар ҳам мазкур китобга илова қилинган.
Маълумки, хорижий тилни шеърлар ва қўшиқлардан фойдаланиб ўрганиш жуда қулай. Шуни инобатга олиб, ўзбеклар орасида оммалашган шеър ва қўшиқлар китобда киритилган бўлиб, улардаги мураккаб сўзлар таржимаси ҳам бевосита берилган. Зеро ўрганувчи мустақил равишда ушбу қўшиқларни бевосита Интернет тармоғида топиши ва қўшиқ матни билан ўрганиши мумкин.
Китобда мустақил таржима қилиш учун Ўзбекистон ва унинг қадимий шаҳарлари, буюк тарихий шахслари тўғрисида қизиқарли маълумлар ҳам мавжуд.
Китоб сўнггида илк мартаба 2400 га яқин энг фаол қўлланадиган ўзбекча-инглизча мини-луғат ўрин олган. Улар турли дастурлар ёрдамида фаоллик даражасини текшириш асосида сараланган.
Яқин кунларда ушбу китоб дипломатик миссия кўмагида чоп этилади ва Мисрдаги кутубхоналар ҳамда Қоҳира университети талабалари ўртасидаги тарқатилади.
- Қўшилди: 22.10.2024
- Кўришлар: 600
- Чоп этиш