Парламент қуйи палатасининг мажлисида “Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев ҳужжат лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди:
— Мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисоблашда даволаш муассасасининг хулосасини чиқариб ташлаш белгиланмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахс деб топилганларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш кўзда тутиляпти.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш назарда тутилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилалар манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга аризалар, шикоятлар ва даъволар киритилганда, давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда, — деди маърузачи.
Мажлисда қонун лойиҳаси аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланиб, қўллаб-қувватланди.
М.Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 03.06.2024
- Кўришлар: 1474
- Чоп этиш