2020 йил 14 июль куни Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳаларини мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда Миллий мулоқот ташкил этилди. Ушбу тадбир COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланди.
Онлайн давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари мутасаддилари, шунингдек БМТ, БМТ Ривожланиш Дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид миллий чораларни амалга ошириш борасидаги ижобий сабоқлари муҳокама қилинди.
Бундан олдин, 24 июнда БМТ ва ЕХҲТ расмий шахслари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига ташриф буюрганди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ташриф туфайли карантин ҳудудларида инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасидаги Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қилиш учун амалий далиллар тўплаш имконияти туғилди.
Миллий мулоқот доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги вакиллари, Болалар омбудсмани, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Женевадаги эксперти, БМТ Қийноқларга қарши кичик қўмитаси раисининг ўринбосари, ЖССТ Европадаги минтақавий бюроси мутахассиси ҳамда фуқаролик жамияти мустақил вакилларининг маърузалари тингланди. Маърузачилар Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасидан келиб чиқадиган хулоса ва тавсиялар ҳамда глобал истиқбол масалалари хусусида атрофлича фикр юритдилар.
Учрашувда БМТнинг карантин чоралари бўйича қабул қилган сўнгги раҳбарий йўриқномалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 2020 йил 19 мартда тасдиқланган "Коронавирус (COVID-19) касаллиги тарқалишини тийиб туриш шароитида алоҳида шахсларни карантинга жойлаштириш принциплари бўйича ЖССТ Йўриқномаси" ҳақида сўз борди.
Мазкур Йўриқномада қайд этилганидек, коронавирус пандемияси тарқалаётган шароитда жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тиббий, молиявий, ижтимоий ва руҳий-маънавий ёрдам кўрсатилиши лозим. Уларнинг асосий эҳтиёжлари, жумладан, озиқ-овқат, сув ва бошқа шу каби ҳаётий зарур маҳсулотларга бўлган талаблари қаноатлантирилиши зарур. Айниқса, аҳолининг заиф қатламлари талаб-эҳтиёжларига устувор аҳамият берилиши даркор.
Бундан ташқари, иштирокчилар БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг COVID-19 билан боғлиқ карантин масаласига доир муҳим бир тавсиясини маълумот учун қабул қилдилар. Бу ўринда давлатларнинг барча кишилар, шу жумладан, озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонийлик асосида ва инсон қадр-қимматига ҳурмат кўрсатган ҳолда муомала қилиш мажбуриятига доир тавсия ҳақида гап бормоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бир қатор ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар COVID-19 вирусига қарши курашнинг инсон ҳуқуқларига, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига кўрсатадиган таъсирини юмшатишга қаратилган муҳим чораларни татбиқ этаётганини қутлади. Бу ҳақда фикр юритганда, мамлакатимизда ҳам ушбу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, бунда аввало инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устунлиги талабидан келиб чиқилаётир.
Маълумки, коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича тиббий ва ижтимоий чора-тадбирлар жамоатчиликнинг тўлиқ иштирокида амалга оширилиши зарурлиги ЖССТ томонидан қатъий тавсия этилган. Чунки инсон ҳуқуқлари, жумладан инсоннинг ўз фикрини эркин ифода этиш ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши жамоатчилик соғлигини сақлаш сиёсатининг муҳим омили ҳисобланади.
Эпидемияга қарши курашишнинг ягона самарадор усули - жамиятнинг ишончини қозонишдир. Шу маънода, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари таъкидлаганидек, "соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз шароитида шаффофлик бирламчи аҳамиятга эга бўлиб, у инсонлар ҳаётини асраб қолишда қўл келади".
Миллий мулоқот якунида пандемия карантини шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида аниқланган қийинчиликлар бўйича давлат органларига таклиф этиладиган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.07.2020
- Кўришлар: 4273
- Чоп этиш