Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини тобора фаоллик билан илгари сурмоқда. Хусусан, 2018 йилда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва БМТ тавсияларининг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш механизми ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси БМТ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари билан ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилди ва ўз тарихида илк бор инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки парламент маърузасини чоп этди.
Парламентлараро иттифоқнинг расмий сайтида 2020 йил 18 май куни эълон қилинган мазкур халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқларини амалга ошириш соҳасидаги ишлари таҳлил этилгани ва юқори баҳоланганига доир ахборотда шу ҳақда сўз боради. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар бўйича Женевадаги бўлими Доимий вакили Улуғбек Лапасовнинг "Правда Востока" газетасининг 2020 йил 26 май сонида эълон қилинган мақоласида ушбу ахборот атрофлича таҳлил этилган.
Мақола «Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқларини амалга ошириш соҳасидаги ишларини қутлайди» («Межпарламентский союз приветствует усилия Олий Мажлиса Узбекистана по продвижению прав человека») деб номланади. Унда Ўзбекистон парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётгани хусусида ҳам сўз юритилган.
Муаллиф Парламентлараро иттифоқнинг ахборотида «Бу ҳамкорлик мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши соҳасида энг кўп тилга олинадиган иккита муаммо бўйича амалий ечим топиш, яъни қийноқларнинг олдини олиш механизмини яратиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш чораларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнади», дея қайд этилганига алоҳида эътибор қаратади.
Парламентлараро иттифоқи ахбороти билан Интернетнинг қуйидаги манзилида танишиш мумкин: https://www.ipu.org/news/news-in-brief/2020-05/ipu-welcomes-human-rights-efforts-uzbek-parliament.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.05.2020
- Кўришлар: 4238
- Чоп этиш