Энди мигрантлар имтиҳон топширишнинг иложи йўқлиги сабабли, депортация таҳдидига дуч келмоқда.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги тест марказлари мигрантлар учун рус тилидан имтиҳонларни қабул қилишни тўхтатди. Бу «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг миграция сиёсатининг кескинлашуви фонида содир бўлди, деб хабар берди «Деловой Петербург».
Россия олий таълим ва фан вазири Валерий Фалков аввалроқ имтиҳонларни ўтказиш ва сертификатлар бериш устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, тест синовларини ташкил этишга ёндашувни ўзгартириш бўйича топшириқ берган эди.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, шаҳарда чет элликлар меҳнат патенти ёки яшаш учун рухсатнома олиш учун имтиҳон топшириши мумкин бўлган ўнлаб компаниялар мавжуд. Аммо жорий йилнинг 1 майидан бошлаб тижорат ташкилотлари томонидан бундай тест синовлари ўтказиш ва рус тили сертификатлари беришнинг тўхтатилиши режалаштирилган. Тизимнинг янгича тарзда қандай ишлаши ҳозирча аниқ эмас.
Амалдаги қоидаларга кўра, мигрант Россияга кирганидан сўнг, дастлабки 30 кун ичида рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихи бўйича имтиҳон топшириши керак. Шундан кейин меҳнат патенти ёки яшаш учун рухсатнома олиши мумкин. Агар имтиҳондан ўтолмаса, мамлакатни тарк этиши керак.
Энди мигрантлар имтиҳон топширишнинг иложи йўқлиги сабабли, депортация таҳдидига дуч келмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 23.04.2024
- Кўришлар: 1794
- Чоп этиш