Давлат раҳбари қалбларга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтишимиз лозимлиги таъкидлади.
«Бутун Ер юзидаги ислом уммати билан бирга жонажон Ўзбекистонимизнинг барча мўмин-мусулмонлари ҳам қутлуғ ва муборак Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олдилар. Дунё мусулмонлари учун энг азиз ва қадрли бўлган, барча эзгу ниятлар ижобат бўладиган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин юракдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман», дейилади табрик сўзи бошида.
Давлат раҳбари қалбларга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтишимиз лозимлиги таъкидлади.
Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини қайд этди.
«Инсон қадри – улуғ» деган олижаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз. Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади», дейилади табрик сўзида.
Президент таъкидлаганидек, бутун халқ билан бирга яратган Эгамдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуо қиламиз.
«Фурсатдан фойдаланиб, ушбу шукуҳли лаҳзаларда дунё мўмин-мусулмонларини, дўст ва ҳамкорларимизни муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлаб, уларнинг давлатлари ва халқларига тинчлик-омонлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз. Рамазони шариф эл-юртимизга қут-барака, ҳар бир хонадонга шоду хуррамлик, янги ютуқ ва омадлар олиб келсин! Рамазон ойи яна бир бор барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.
Kun.uz
- Қўшилди: 12.03.2024
- Кўришлар: 1980
- Чоп этиш