Тошкент шаҳрида 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев очди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Биринчи мажлиснинг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди ва кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди.
Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нуриддин Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.
Шундан сўнг мажлисга раислик қилиш ваколати Спикерга ўтди. Спикернинг ўринбосарлари ҳам сайланди. Бешта сиёсий партиянинг фракциялари рўйхатга олинди, уларнинг келишилган таклифларига мувофиқ Қонунчилик палатасида ўнта қўмита тузилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида депутатларни сайлангани билан табриклаб, бу халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмати ифодаси эканини таъкидлади.
Бу йилги парламент сайлови янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга киргани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, бу жараён биринчи марта аралаш сайлов тизимида ўтди.
Сайловлар натижасида Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайланди. Уларнинг 57 нафари аёллар, 11 нафари 35 ёшгача бўлган йигит-қизлар бўлди. Умуман, бу йил қуйи палата таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди.
Палатанинг сўнгги беш йилдаги фаолиятига баҳо берилди. Бу даврда мамлакатимиз Конституцияси янгиланди. 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонунлар қабул қилинди. Бу – олдинги даврга нисбатан 1,5 карра кўп.
Президент парламент эътиборидан четда қолган масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Масалан, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолмоқда. Парламент ва депутатлик назорати кучидан тўла фойдаланилмаяпти. Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб бериш билан чекланиб қолмоқда.
Давлатимиз раҳбари Қонунчилик палатаси олдидаги янги вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ҳар бир қўмита қошида уларнинг вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузиш таклиф этилди.
Парламент қўмиталари вазирликлар билан ишлашда фақат назорат ва талаб этиш эмас, балки улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши муҳим. Партиявий ва фракциявий интизомни мустаҳкамлаш масаласи ҳам асосий эътиборда бўлиши керак.
Президент қонун ижодкорлиги, аввало, жамиятдаги долзарб масалалар ечимига қаратилиши кераклигини таъкидлаб, қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурди. Жумладан, эскирган уйлар ўрнида замонавий турар жойлар қуриш, фуқароларнинг уй-жой қурилишига йўналтирган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш, хусусий таълим ва электр энергетикаси соҳасида инвесторларни қўллаб-қувватлаш, мажбурий тиббий суғурта ва сунъий интеллектни қўллаш, франчайзинг, капитал бозори, “стартап”лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш вазифаси қўйилди.
Ғоялар курашини жонлантириш учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар бериш таклиф қилинди.
Парламент назоратида кенг кўламли, сифатли назорат тизимига ўтиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, янгиланган Конституциямизга кўра, Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради. Шу боис палатанинг бу борадаги ишини янада кучайтириш, жумладан, Ҳукуматнинг давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётига ўтиш кераклиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ҳудудларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш таклиф этилди.
Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссияси ташкил этиш ҳақида фикр билдирилди.
Парламент дипломатияси – давлатимиз ташқи сиёсатида муҳим восита. Бундай алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш, иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссиялари ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Президентимиз ўттиз етти миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистондек катта давлатнинг парламенти аъзоси бўлиш улкан шараф эканини таъкидлади.
– Депутат бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир. Оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилишда халқимиз, барчамиз аввало сизларга таянамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мажлисда сиёсий партиялар фракция раҳбарлари ва депутатлар сўзга чиқди. Президентимиз фикрларни қўллаб-қувватлаб, депутатларни жонкуяр ва халқпарвар бўлишга ундади.
– Сиз жойлардаги одамларнинг вакили, халқнинг овозисизлар. Буюк халқимиз билдирган ишончга муносиб бўлишингиз керак. Ҳар бир масалага ёндашувда, қонунлар ишлаб чиқишда узоқ-яқин туманлардаги инсонларни кўз олдингизга келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларни ҳам ўйлаб иш тутсангиз, элимиз сиздан рози бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Мажлисда кун тартибидаги масалалар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарорлари қабул қилинди.
ЎзА
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 406
- Чоп этиш