Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир. Бу фикрлар давлатимиз раҳбарининг бугун, 2020 йил 12 август соат 13.00 да ўз ишини бошлаган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига йўллаган табригида янгради.
"Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президентининг табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз табригида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга Ўзбекистоннинг мазкур форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдиради.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек халқаро анжуман ишида иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ва бошқа халқаро шерикларимизга ташаккур изҳор этди.
"БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан", деб қайд этди ўз табригида Ўзбекистон раҳбари.
"Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.
Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур", дейилади Ўзбекистон Президентининг табригида.
Табрикда таъкидланганидек, "Аҳолисининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган".
Шу муносабат билан, Президентимиз табригида қайд этилганидек, "БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. У ёш авлодни маърифий руҳда тарбиялаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Ушбу ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда".
Давлатимиз раҳбари, шунингдек "бугунги Форум иштирокчилари ҳам ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлайдилар, ҳужжат лойиҳасини ўз амалий таклифлари билан бойитадилар", деб ишонч билдирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига мурожаатини БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси (ЮНОДС) минтақавий вакили, БМТ Доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал ўқиб эшиттирди.
БМТ Бош котиби ўз табригида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорчилик билдирди ва ушбу форум Халқаро ёшлар кунида ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
"Форумнинг "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” деб номлангани ёшлар вакилларининг ижтимоий ҳаётда ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида янада кенг иштирок этиши учун кўмаклашишга қаратилган", деб қайд этди БМТ Бош котиби. – "Сиёсий жараёнларнинг адолатпарварлигини ошириш, янада сифатли ва барқарор сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда ёшлар ўртасида жамоат муассасаларига нисбатан ишончни тиклаш учун бу жуда муҳимдир. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳукуматларнинг ёшларга доир сиёсатни ишлаб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, чунки бу навқирон инсонларга ижтимоий ва сиёсий қарорлар қабул қилиш ҳамда ривожланишнинг ёшлар манфаатларини ҳам кўзда тутадиган стратегик мақсадларини белгилашда мустақил иштирок этиш имкониятини беради".
БМТ Бош котиби таъкидлаганидек, "Навқирон инсонларнинг саъй-ҳаракатлари иқлим инқирози, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, низоларни бартараф қилиш ва ҳал этиш каби ўта муҳим глобал муаммоларга ечим топишнинг устувор омили ҳисобланади".
Антониу Гутерриш, шунингдек бугунги дунёнинг ҳолатини кўп жиҳатдан COVID-19 инқирози белгилаб бераётган шароитда "пандемия дунё талабаларининг 90 фоиздан ортиғини таълим олишдан узиб қўйди ва оқибатда таълим соҳасидаги шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизлик янада қалтислашди ҳамда глобал инқироз мураккаб тус олди", деб ўз ташвишини билдирди. Айни чоғда, унинг таъкидлашича, "гарчи таълим пандемиянинг яққол қурбони ҳисобланса-да, у узоқ муддатга мўлжалланган тикланиш ва барқарор ривожланишнинг калитига ҳам айланмоқда". Шу муносабат билан Мурожаатдан мазкур Форумнинг барча иштирокчиларини ва бутун дунёдаги жами ёшларни "Келажагимизни асраб қолайлик" номли таълим кампаниясига қўшилишга чорлов ўрин олган.
"Истиқболга назар солган ҳолда, келинг, дунёдаги барча навқирон инсонларнинг ҳуқуқлари ва орзу-умидларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ишига содиқ бўлиб қолайлик", дейилади БМТ Бош котибининг Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаати якунида.
Шуни қайд этиш керакки, Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.
Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби бир қатор халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.08.2020
- Кўришлар: 4144
- Чоп этиш