Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқчиллик ва адолатпарварлик руҳи билан йўғрилган яна бир эзгу ташаббуси рўёбга чиқиши йўлида муҳим қадам қўйилди. Бу ўринда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳалари Интернет сайтларида (http://2020.strategy.uz/) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилгани ҳақида сўз бормоқда.
Президентимиз шу йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳукумат 1 апрелга қадар «прописка» тизимини тубдан ислоҳ қилишни назарда тутувчи аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари, хусусан, «Фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида бемалол «прописка»га ўтиб, хоҳлаган жойида бемалол ишлаш бўйича қонуний имкониятни яратмас эканмиз, гап билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди», деб таъкидлади.
Мазкур муҳим ва долзарб вазифа «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури»га киритилди. Тегишли давлат органлари ушбу тизимни кўриб чиқиш, ҳатто "прописка" сўзини амалиётдан чиқариш бўйича зарур чоралар кўришни бошлади.
Масъул вазирлик ва идоралар томонидан "прописка" тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда Интернетда жамоатчилик томонидан муҳокама этилаётган ҳужжатлар матни ана шу саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Хўш, "прописка" тизими нима дегани ўзи?
Биринчидан, бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мутлақо зид ва инсон ҳуқуқларини камситиш ҳисобланади. Асосий Қонунимизнинг 28-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, "Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир".
Афсуски, Конституциямиз қабул қилинганидан буён ўтган қарийб 28 йил давомида мамлакатимиз фуқароларининг ана шу конституциявий ҳуқуқи таъминланмасдан, поймол этиб келинмоқда. Юртдошларимиз ўз Ватанида – пойтахтда ва вилоятларда эркин кўчиш, яшаш, ишлаш имкониятларидан амалда маҳрум экани бунинг яққол далолатидир.
Иккинчидан, "прописка" шўролар замонига мансуб эскилик сарқитидир. У инсоннинг эркин меҳнат қилиши ва ўз иқтидори ҳамда салоҳиятини намоён этиши билан боғлиқ ҳуқуқларини чеклайди. Шунингдек, у хусусий мулк, тадбиркорлик, бизнес руҳиятига тамомила қарши қаратилган. Миллий ва халқаро даражада танилган иқтисодчилар бу фикрнинг тасдиғи сифатида кўплаб мисоллар келтириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоровнинг қайд этишича, кишиларнинг кўчувчанлиги – энг муҳим иқтисодий категориялардандир. Европа мамлакатларида тараққиёт даражаси юқорилигининг асосий омилларидан бири айнан "прописка" тизимининг мавжуд эмаслиги, яъни аҳолининг эркин кўчиш имкониятига эгалиги билан боғлиқ.
АҚШда Европа мамлакатларидагига нисбатан меҳнат унумдорлигининг анча баландлиги эса америкаликлар европаликлардан ҳам кўпроқ кўчувчан эканига бориб тақалади. Дунёнинг ривожланган давлатларида фуқаро ўзи истаган пайтда зарур нарсаларини уловга ортиб, исталган ҳудудга яшагани, ўқигани ё ишлагани кетавериш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда эса неча ўн йиллар давомида ўз қишлоғидан бошқа жойни кўрмасдан яшаётган одамлар кўп. Бу, ўз навбатида, инсоннинг иқтисодий аҳволига ва аҳоли турмуш даражасининг ортишига салбий таъсир кўрсатади. Президентимиз таъбири билан айтганда, прописка тизими ҳалигача "халқимизнинг оёғига солинган кишан" бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритгач, 1992 йили БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Қисқа фурсатда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт каби асосий халқаро шартномаларни ратификация қилди.
Дунё тажрибасида деярли кузатилмаган ғайриҳуқуқий тартиб, яъни "прописка" масаласидагина нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсияларига амал қилинмади. Масалан, БМТ Ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси томонидан 2014 йил 13 июнда тақдим этилган Ўзбекистоннинг Иккинчи даврий маърузаси муҳокамаси бўйича якуний тавсияларида "прописка" тизимига барҳам бериш билан боғлиқ амалий таклиф ва тавсиялар билдирилган.
Учинчидан, "прописка" халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, дискриминация, яъни инсон ҳуқуқларини камситиш, деганидир. Шу ўринда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2020 йил 2 апрелда эълон қилинган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тамойилларига риоя қилиниши бўйича навбатдаги ҳисоботига тўхталиш лозим бўлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматига 8 та тавсия берган. Ушбу тавсиялар орасида Ўзбекистонда давлат «прописка» тизимини Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштирилишини таъминлаши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12-моддаси 1-бандига мувофиқ, "Бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда бўлган ҳар бир киши ушбу ҳудуд доирасида эркин кўчиб юриш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга". Ушбу Халқаро пактнинг 16-моддасига биноан эса, "Ҳар бир киши қаерда туришидан қатъи назар, унинг субъектлик ҳуқуқи тан олиниши ҳуқуқига эга". Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, «прописка» тизими ана шу муҳим ҳуқуқларни йўққа чиқаради.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳаларининг Интернетдаги жамоатчилик муҳокамасида иштирок этувчилар, бир томондан, шундай тарихий ташаббуснинг рўёбга чиқишига гувоҳ бўлмоқдалар, бошқа томондан эса, бу муҳим жараёнда бевосита иштирок этмоқдалар.
Хулоса ўрнида мазкур лойиҳаларнинг бир қатор хусусиятларига тўхталишни лозим деб топдик. Жумладан:
биринчидан, ушбу лойиҳаларни тайёрлашда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва илғор хорижий тажриба чуқур ўрганилди;
иккинчидан, бу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ва кафолатларни белгилашга асосий эътибор қаратилди. Жумладан, кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда;
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.
тўртинчидан, фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда;
бешинчидан, бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда;
олтинчидан, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади. Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.
Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда. Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.
Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда. Бунда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.
Туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда.
Ушбу янгиликларнинг барчасини маъқуллаган ҳолда, бир таклиф киритаман. Яъни, ҳар икки ҳужжат – «прописка» тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини халқаро экспертизадан, халқаро экспертлар назаридан ўтказиб олиш лозим. Бунинг учун лойиҳалар матнини Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорлари ҳисобланувчи барча халқаро ташкилотлар офисларига имкон қадар тезроқ тақдим этиш керак.
Шундай қилиб, қадрли фуқаролар, мазкур ҳужжат лойиҳаларининг мазмуни янада очилиб, моҳияти ва аҳамияти ортиши сиз билдирадиган таклиф ва мулоҳазаларга боғлиқ эканини унутманг.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 06.04.2020
- Кўришлар: 5042
- Чоп этиш