Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлатимизнинг ижтимоий сиёсатида соғлиқни сақлаш соҳаси катта ўрин эгаллайди. Сўнгги етти йилда бу тизимга ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилган. Олдин фақат Тошкентда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар бугун вилоят ва туманларда ҳам ўтказилаяпти.
Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида онкология, эндокринология, кардиология марказлари ҳудудларда скрининг текширувлари олиб бораяпти. Масалан, 1 миллион 700 минг нафар аёл скрининг қилиниб, 49 мингида саратон олди касалликлари топилган. Бу йил ярим йилликда 122 минг нафар аҳолида юрак қон-томир ва қандли диабет эрта босқичда аниқланган.
Аҳоли саломатлигини сақлаш – узлуксиз жараён. Соҳадаги таҳлил ва талабдан келиб чиқиб, муҳим йўналишлар бўйича таклифлар тайёрланган. Тақдимотда шулар ҳақида сўз борди.
Маълумки, даволашдаги энг катта муаммо – касалликнинг кеч юзага чиқиши. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан Қашқадарёда, тажриба тариқасида, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига 2 миллион сўмдан мукофот бериш жорий қилинди. Натижада оилавий шифокорлар ўз маҳалласидаги 51 нафар аёл ва болаларда шундай белгиларни аниқлади. Бунинг учун 102 миллион сўм мукофот пули берилиб, кеч босқичда сарфланадиган 8 миллиард сўм маблағ тежалган.
Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача 20-25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади. Шу боис бу борада скринингларни кенгайтириш ва уларнинг реестрини юритиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, гематология, кардиология, эндкринология касалликларини эрта аниқлаш ва уларни даволаш бўйича уч йиллик дастурлар бу йил якунига етади. Мутасаддиларга эришилган натижаларни ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг муддатини узайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Тиббиёт муассасаларига марказлашган ҳолда дорилар харид қилишда ҳам камчиликлар бор. Баъзи шифохоналарда талабга нисбатан кам олинган бўлса, баъзиларида дорилар ортиб қолган.
Шу боис дори воситалари ва тиббий буюмларни ўн беш ойлик талаб асосида харид қилиш тизими таклиф этилмоқда. Бунда келгуси йиллар учун эҳтиёжлар 1 августдан кечикмасдан, Давлат бюджети параметрлари билан бир вақтда шакллантирилади.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида “Харидлар маркази” ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил қилинади. Марказга 2025 йил 1 январдан бошлаб, оригинал дори воситалари ва ёпиқ турдаги лаборатор ускуналар учун сарфлов воситаларини бевосита ишлаб чиқарувчидан тўғридан-тўғри харид қилишга рухсат берилади.
Яна бир таклифга кўра, донорларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони олганларга бир йўла бериладиган пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорини 5 бараваридан 15 бараваригача оширилади. Уларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади, давлат сиҳатгоҳларида даволаниш навбатсиз бўлади.
Ушбу янги тизим келгуси йил 1 январдан жорий қилиниши белгиланди.
Мамлакатимизда санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Жаҳон савдо ташкилотини хабардор қилиш тартибини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
ЎзА
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 1131
- Чоп этиш