Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмийлари Хитой вакиллари билан имконияти чекланган кишилар реабилитацияси, бандлиги ва инклюзив таълим олиши бўйича ташаббусларни муҳокама қилди.
Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Хитой ногиронлар федерацияси вакиллари билан учрашди.
«Бу - келгусида ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун кўплаб фикр-мулоҳазалар ва муҳим ғоялар туғилишига замин яратди», дея маълум қилди у.
Федерация раиси Чэн Кай билан мулоқот чоғида имконияти чекланган кишиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлашда собитлик яна бир бор тасдиқланди. Қулай муҳит яратиш, ҳаётнинг барча жабҳаларида инклюзивликни рағбатлантириш бу инсонларнинг жамият ҳаётида, маданият ва спортда фаол иштирок этишини таъминлайди, ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
«Федерациянинг бу борадаги ишлари чинакамига барчани руҳлантиради. Реабилитация, бандлик ва инклюзив таълим олиш бўйича ташаббусларни ўзаро муҳокама қилдик. Албатта, чекланган вақт ичида ҳар икки томонда олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг фақат бир қисмига тўхтала олдик, холос», - дейди Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг ишонч билдиришича, хитойлик ҳамкасблар улардан ўрганиш мумкин бўлган жуда кўп қимматли тажрибага эга. Самарали тажриба ва билим алмашиш давомли бўлишини кутиб қоламиз, дея маълум қилди Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.
Kun.uz
- Қўшилди: 10.05.2024
- Кўришлар: 1605
- Чоп этиш