Айрим ҳудудларда, хусусан Андижон вилоятида тадбиркорлар электр токидан узиб қўйилиб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланмоқда. Энергетика вазирлиги бундай хатти-ҳаракатлар қонунчиликка зидлигини таъкидлади. Вазирлик панеллар ва инверторлар импортида рақобат йўқлиги ҳақидаги даъвони рад этди.
Kun.uz 7 сентябр куни Олтинкўл туманида тадбиркорлик субъектлари оммавий равишда электр токидан узиб қўйилгани ва қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида ёзган эди. 11 сентябр куни ҳолатга Энергетика вазирлиги муносабат билдирди.
“Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳамда айрим оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар янграмоқда”, – дейилади расмий муносабат аввалида.
“Мажбурлаш йўқ”
Вазирликнинг таъкидлашича, “қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш йўқ”.
Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги ва 2024 йил 14 июндаги президент қарорлари билан қуёш панеллари, қуёш сув коллекторлари ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонлари учун мазкур жиҳозларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилган.
“Бироқ кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган. Демакки, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди”, – дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини олиб кираётган корхоналар сони ҳам “кун сайин ортиб бормоқда”.
“Жорий йилнинг 8 ойида Ўзбекистонга 107 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1,5 миллиондан зиёд қуёш панеллари олиб кирилди. Эътиборлиси, тадбиркорлик субъектларининг 64 таси бу сафга жорий йилда қўшилган. Шунингдек, 62 та тадбиркорлик субъекти томонидан салкам 7 минг дона инверторлар олиб кирилган. Бунинг натижасида, агар 2023 йилнинг сентябр ойида бир kWh қувватга эга “on grid” (энергия танқислиги юз бермаслиги ёки электр энергияси ортиқча бўлмаслиги учун тармоққа уланиш) тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 10 млн сўмга, “off grid” (энергия таъминотчиларидан мустақил тизим, бундай тизимнинг муҳим таркибий қисми қуёш энергиясидан нафақат кундузи, балки кечаси ҳам фойдаланиш имконини берувчи батареялардир) тизимидаги эса 13 млн сўмга баҳоланган бўлса, жорий йилда уларнинг нархи 30 фоиздан зиёд арзонлашиб, тегишлича 7 млн сўмдан 9 млн сўмгачани ташкил этмоқда.
Яъни айрим “иқтисодчи”лар таъкидлаганидек, ушбу маҳсулотларнинг импортини қандайдир 1-2 та ташкилот рухсат орқали амалга оширмаяпти ҳамда буларнинг фаолияти Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилмайди”, – дейилади расмий муносабатда.
Қўшимча қилинишича, ўтган йили 5 kWh қувватга эга “on grid” тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 50 млн сўм, “off grid” тизимидаги эса 65 млн сўм турган бўлса, 2024 йилнинг сентябрида бу нархлар 35 млн сўм ва 45 млн сўмни ташкил қилмоқда.
“Бу аввало мавжуд рақобат муҳитининг таъсири бўлса, иккинчидан, асосий ишлаб чиқарувчи Хитойдаги нархларнинг тушиши ҳам бунга сабаб бўлди”, – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 1 октябридан юридик шахслар ва тадбиркорлар учун, 2024 йилнинг 1 май санасидан эътиборан эса аҳоли истеъмолчилари учун энергоресурслар тариф нархларининг табақалаштирилган равишда оширилиши истеъмолчиларда қуёш панели ҳамда гелиоколлекторларга нисбатан қизиқишни табиий равишда кучайтирган.
Хусусан, жорий йилнинг 1 августигача “Қуёшли хонадон” дастури бўйича жами 44 516,4 kWh қувватга тенг 13 324 та, юридик истеъмолчилар билан эса жами 197 201 kWh қувватга тенг 8 776 та шартнома имзоланган. “Бу юртдошларимизнинг барчаси қуёш панелини ўз хоҳиши билан ўрнатган”, дея урғулаган вазирлик.
“Энергетика вазирлиги тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмайди. Аммо тадбиркорларимиз ҳам қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканини англаб етишса, нур устига нур бўлар эди. Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас”, – дейилади баёнот сўнгида.
Олтинкўлда нима бўлди?
7 сентябр куни Кun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, шу куни Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги дўконлар, дорихоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, пишириқ цехлари, ўқув марказлари, ишлаб чиқариш корхоналари эрталабдан оммавий равишда электр токидан узиб қўйилган.
“Туман электр тармоқлари корхонасининг айтишича, агар қуёш панелларини ўрнатмасак, свет берилмас экан. “Қуёш панелларини ўрнатиб, тузилган шартномаларни бизга олиб келиб кўрсатинглар, ток берамиз”, дейишяпти”, – дейди тадбиркорлардан бири.
Бошқа бир мурожаатчининг сўзларига кўра, музлаткичларда айниб қоладиган маҳсулотлар борлигини айтиб, тезроқ электр токини ёқишни сўрашган, лекин “ҳеч кимнинг муаммосини инобатга олишмаяпти, қуёш панелларини ўрнатишга мажбур қилишяпти”.
Шу куни Kun.uz'га изоҳ берган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати компанияга бундай мурожаатлар бошқа ҳудудлардан ҳам келиб тушганини тасдиқлаган эди. “Лекин огоҳлантиришсиз узилган бўлиши мумкин эмас”, деганди ҲЭТ матбуот котиби.
Kun.uz
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 708
- Чоп этиш