Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Қирғиз Республикаси, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия давлатлари раҳбарлари, Венгрия Бош вазири ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби қатнашган анжуманда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева мазкур тадбирда Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар хусусида ўз муносабатини билдирди:
— Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилотининг фаолияти ҳар томонлама фаоллашди. Туркий тилли мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасида тизимли механизмлар ишга тушди.
Саммитда Президентимиз томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Аввало, бугун бутун жаҳонда кечаётган глобал беқарорлик ва хавф-хатар тобора ошиб бораётган бир пайтда Туркий давлатлар ўртасидаги жипсликни мустаҳкамлашга қаратилган Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши олқишланди. Бинобарин, туркий мамлакатларнинг мавқеини ошириш, ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларни чуқурлаштириш, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришда ушбу ижтимоий-сиёсий характерга эга бўлган тарихий ҳужжатнинг имзоланиши муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз раҳбари ташкилотнинг асосий шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш зарурати юзасидан тўхталиб, бунда Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилиш таклифини ўртага ташлади. Зеро, ушбу кенг қамровли ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилишини белгилаб беради.
Бугунги кунда туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кучли бўлишида иқтисодий масалалар муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ўз нутқида “иқтисодий имкониятлар макони” деган иборани ишлатди. Иқтисодий имкониятлар макони хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий жараёнлари ва иқтисодий фаолиятининг мумкин бўлган натижаларини шакллантириш учун умумий иқтисодий жараён ўртасидаги муносабатларнинг янада фаоллашувини тақозо этади.
Бинобарин, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларда ўзаро ишончнинг мустаҳкам бўлиши бугунги кунда ўта долзарб ҳисобланади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари келгуси йил учун иқтисодий форум, савдо ва саноат кўргазмалари, минтақа ва вилоятларимизнинг ўзаро ташриф режаларини, давлат харидларида иштирок этиш, кооперация ва локализация қўшма дастурини қабул қилиш таклифини билдирди.
Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилгани ҳам эътиборга молик. Унга кўра, туркий тилли мамлакатларда тўпланган илғор тажриба ва IT соҳасидаги ютуқларни ўзаро алмашиш, инновация, инфратузилма ва илм-фан бўйича рақамли тизимларни, йирик дата-марказларини яратиш имкониятлари кенгаяди. Бу борада давлатлар ўртасида интеллектуал мулкни ривожлантиришнинг янги ҳамкорлик нуқталари юзага келади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари қардош халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, ёшларимизни аждодларимизга муносиб руҳда тарбиялаш мақсадида туркий эллар фольклорининг кўп жилдли мажмуасини аъзо мамлакатлар тилларида нашр эттириш таклифини берди. Шу ўринда Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёр эканини эълон қилди.
Илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистон ва ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги самарали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА
- Қўшилди: 08.11.2024
- Кўришлар: 501
- Чоп этиш