Шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин кечмоқда. Сайлов — ҳар бир партия учун катта синов, шу билан бирга кенг имконият ва масъулият дегани. Айниқса, бу йилги янгича, аралаш тизимда ўтадиган сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро рақобат, ғоявий кураш янада юқори даражага кўтарилади.
Сайловнинг энг асосий иштирокчилари бўлган сиёсий партиялар мазкур сиёсий тадбирдаги муҳим ҳужжат — ўз Сайловолди дастурларини эълон қилди. Шунингдек, парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодларини илгари сурди.
Қайд этиш лозимки, сайлов қонунчилигига кўра, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида қирқ фоизини ташкил этиши керак. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер тенглик сиёсати, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтириш борасидаги ислоҳотларга мос ва ҳамоҳанг бўлган жиҳатдир.
Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимиздаги ҳар бир сиёсий партия парламент қуйи палатаси депутатлигига ўз номзодларини кўрсатди. Хусусан, партиялардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бир мандатли округлар (мажоритар тизим) бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат (пропорционал тизим) бўйича 100 нафар, жами 175 нафардан номзодлар илгари сурилди. Хўш, ушбу номзодлар орасида аёллар неча фоизни ташкил этмоқда?
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодларнинг 43 фоизи аёллардан иборат.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган жами 175 нафар номзодларнинг 76 нафари ёки 43,4 фоизи аёллардир.
Ўзбекистон Экологик партиясининг V Форумида тасдиқланган депутатликка номзодларнинг 44,6 фоизи аёллардан иборат.
Халқ демократик партиясидан эса 47,4 фоиз аёл номзодлар илгари сурилди.
“Адолат” социал-демократик партиясидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг 45 фоизи аёллардан иборатдир.
Демак, қонунчилигимизда белгиланган аёл номзодлар бўйича 40 фоизлик талабга барча сиёсий партиялар томонидан тўла амал қилинган. Олдимизда турган сайловда иштирок этадиган партиялар номзодларининг 43 фоиздан 47,4 фоизигача бўлган қисми аёллардан иборат таркибда шакллантирилган. Бу эса юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимиятидаги иштирокини кенгайтиришга замин бўлади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, 2019 йилги сайловда парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат сайланиб, депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизини ташкил этган эди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилган эди.
Янги чақириқда парламентимизда хотин-қизлар сони қандай бўлиши бу йилги сайлов натижаларига боғлиқ, албатта. Фаол ва ташаббускор аёлларнинг парламентга келиши хотин-қизлар ҳуқуқ ва мафаатларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 09.09.2024
- Кўришлар: 1420
- Чоп этиш