Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтишига саноқли кунлар қолди.
Сайлов жараёнида кузатувчилар, айниқса, халқаро кузатувчиларнинг ўрни қандай? Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова шу ҳақда гапириб берди:
– Бу сафарги сайлов янгиланган Конституция асосида бутунлай янгича шароитда ўтказилади.
Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистонда сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади. Бу принциплар нафақат сайлов куни, балки сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларда тўлиқ таъминланади.
Бу борадаги энг муҳим жиҳат шундаки, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганини ёритиб боради. Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда 2023 йилда бўлиб ўтган Президент сайловини ҳам нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Парламент ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Парламентлараро ассамблеяси, Туркий давлатлар ташкилоти ва Парламент ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) каби ўн бешта халқаро ташкилотдан ва 47 хорижий давлатдан жами 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи ҳамда 1,4 минг нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.
Энг муҳими, сайлов ошкора, демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилгани, унда аҳоли, айниқса, ёшлар фаол иштирок этганини халқаро кузатувчилар юксак даражада эътироф этган.
Шунингдек, сайловда иштирок этган сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 минг 677 нафар вакил сайловни бевосита кузатиб борди.
Янгиланган сайлов қонунчилиги бўйича ўтказилаётган бу сафарги сайловларга ҳам хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг қизиқиши ниҳоятда юқори бўлмоқда. Бунга ОАВ орқали бутун халқимиз, дунё жамоатчилиги гувоҳ бўлмоқда.
МСК маълумотига кўра, сайловларни кузатиш учун 50 та давлатдан 400 га яқин, МДҲ, ЕХҲТ ва ташкилотнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти каби 21 та халқаро ташкилотнинг қарийб 500 нафарга яқин, 26 та хорижий давлатлар сайлов комиссияларининг 60 нафар, жами минг нафардан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан Ўзбекистонга сайловларни кузатиш бўйича тўлақонли катта миссиясини, яъни таркибида асосий гуруҳ, узоқ муддатли ва қисқа муддатли жами 350 нафарга яқин кузатувчилар билан иштирок этади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги сайловларга бўлган катта қизиқиши мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолат беради.
Ҳозирда кузатувчиларни аккредитациядан ўтказмоқчи бўлган хорижий ва халқаро ташкилотлар ўз давлатларидан туриб “E-Saylov” ахборот тизимига кириши ҳамда белгиланган намунадаги маълумотларни электрон тарзда киритиб, кўриб чиқиш учун юбориш имкониятига эга бўлди.
Жараённинг эътиборли жиҳатларидан яна бири – аккредитациядан ўтган хорижий кузатувчиларнинг мандатлари ҳам тизим орқали автоматик тарзда электрон шаклда мутлақо янги кўринишда шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, 27 октябрь куни халқимиз яна бир бор сайловга оид конституциявий ҳуқуқини амалга оширади. Бу жараёнга халқаро жамоатчилик, кузатувчиларнинг қизиқиши миллий сайлов қонунчилигида мустаҳкамланган очиқлик ва ошкоралик тамойиллари янада кенгроқ таъминланишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 16.10.2024
- Кўришлар: 601
- Чоп этиш