Парламент юқори палатаси эллик учинчи ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда барча соҳаларда ислоҳотлар жадал давом этаётганига эътибор қаратди.
– Ислоҳотлар самараси нафақат юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишлар мисолида, балки халқаро майдондаги юксак эътирофлар орқали ҳам намоён бўлмоқда, – деди Т.Норбоева. – Шу йилнинг 7 июнь куни Женевада бўлиб ўтган Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгаши аъзолигига сайловларда Ўзбекистон Европа ҳудудидан энг кўп (194) овоз тўплаб тарихда илк бор ушбу кенгаш аъзолигига сайланди. Шу билан бирга, БМТ Бош Ассамблеясида 2025 – 2027 йиллар учун Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) аъзолигига бўлиб ўтган сайловларда ҳам мамлакатимиз дунёнинг 185 давлати овозини олиб, илк маротаба мазкур кенгаш аъзолигига сайланди.
Таъкидлаш керакки, бу кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, меҳнат соҳасини замон талабларига мос равишда ислоҳ қилиш, иқтисодиётни эркинлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз ҳамда «Инсон қадри» тамойилига асосланган ижтимоий сиёсатимизнинг юксак эътирофидир.
Мазкур тузилмаларга аъзолик – тегишли йўналишларга оид глобал кун тартибини шакллантиришда мамлакатимиз таъсири ва иштирокини таъминлаши баробарида бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий тажрибамизни дунё миқёсда тарғиб қилиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
– Мазкур жараёнлар, ҳаракатлар, халқаро эътирофлар сизу биздан ҳам дахлдорлик, фаоллик ва масъулият талаб қилади, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (расм), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1430
- Чоп этиш