Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Тўлиқсиз иш вақти шароитларида ишлаш тўғрисидаги 175-сонли Конвенциясини (Женева, 1994 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Ушбу Конвенция жаҳоннинг 20 та давлати томонидан ратификация қилинган. Конвенциянинг мақсади тўлиқсиз иш вақти шароитида ишловчи ишчиларнинг меҳнат шароитларини, уларни меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминот соҳасидаги камситишдан ҳимоя қилишни таъминлашдир.
Конвенция қоидалари тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлайдиган барча шахсларга нисбатан қўлланилади.
Муҳокама давомида тўлиқсиз иш вақтида ишлайдиганлар тўлиқ иш вақтида ишлайдиганлар билан бир хил ҳақ-ҳуқуқ ҳамда ижтимоий ҳимояга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Сенаторлар Конвенция нормалари Ўзбекистон қонунчилигига, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келишини қайд этди.
Муҳокама чоғида Конвенциянинг ратификация қилиниши тўлиқсиз иш вақти шароитида ишловчи меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатлар яратишга имкон бериши, меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга салмоқли туртки бериши таъкидланди.
Сенаторлар таъкидлашича, Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришга ва халқаро стандартларни самарали жорий этишни таъминлашга хизмат қилади, шунингдек, Ўзбекистоннинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принциплар ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.
Муҳокама якунлари бўйича Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 16.08.2024
- Кўришлар: 1000
- Чоп этиш