Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябр куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги нуфузли тармоқ тузилмаси раҳбари шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича халқаро форум доирасида мамлакатда бўлиб турибди.
Учрашув аввалида БМТнинг юқори мартабали вакили дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан нуфузли делегациялар иштирок этаётган форумни муваффақиятли ўтказишни қўллаб-қувватлагани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши самарали чора кўриш борасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда амалий ҳамкорликда эришилган самарали натижалар мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, 2025 йилгача бўлган даврда ҳамкорлик бўйича мамлакат дастурини бажариш сифат кўрсаткичлари икки баробар яхшиланди. Ҳозирда 34 та лойиҳа фаол амалга оширилмоқда. Ўтган бир йил ичида деҳқончилик, мактабларда овқатланиш, ветеринария, агрокимё ва бошқа соҳаларда 7 та янги лойиҳа ишга туширилди.
Янги беш йиллик шериклик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Агросаноат мажмуасини рақамлаштириш, илғор билим ва тажриба алмашиш, ер фонди унумдорлигини ошириш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, замонавий кластерлар ва логистика марказларини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича истиқболли қўшма лойиҳа ва тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ глобал ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 918
- Чоп этиш