SMTI директори Элдор Арипов Мюнхен хавфсизлик конференциясида иштирок этди

Жорий йилнинг 14-16 февраль кунлари Германияда "Кўп қутблилик" шиори остида 61-Мюнхен хавфсизлик конференцияси бўлиб ўтди.

Ҳар йилги жаҳон форуми 60 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 150 дан ортиқ ташқи ишлар ҳамда мудофаа вазирлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарларини тўплади. Конференцияда жами 800 дан зиёд киши, жумладан, экспертлар, бизнес ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (SMTI) директори Элдор Арипов Мюнхен конференцияси доирасида ўтказилган "Каспий муаммоси: Евроосиё хавфсизлигида иқлим ва можароларни қайта кўриб чиқиш" ("Caspian Conundrum: Rethinking Climate and Conflict in Eurasian Security") мавзусидаги тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этди. У ўз нутқида асосий эътиборни бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси дуч келаётган иқлим муаммоларига қаратди.

Эксперт минтақанинг иқлим ўзгаришларига энг заиф ҳудудлардан бири эканлигини таъкидлади. Сўнгги 30 йил ичида бу ерда ҳарорат жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичга нисбатан икки баробар тезроқ кўтарилиб, Цельсий шкаласи бўйича 1,5 даражага ошган. Бу вақт ичида глобал ҳарорат кўрсаткичи эса 0,7 даражани ташкил этган.

Шу муносабат билан Э.Арипов иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё давлатлари учун жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. У асосий омиллар сифатида ерларнинг жадал деградацияси (ҳудуднинг 37 фоизи зарар кўрган), музликларнинг интенсив эриши (уларнинг ҳажми сўнгги 50-60 йил ичида 30 фоизга камайган) ва сув танқислигининг кучайишини таъкидлади. Минтақа аҳолисининг 2050 йилга келиб 100 миллион кишигача ўсиши кутилаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Жаҳон банки прогнозига кўра, ушбу омилларнинг умумий таъсири минтақада қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг 30 фоиз пасайишига олиб келиши мумкин.

SMTI директори таъкидлашича, бу жиддий муаммоларга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари узоқ вақт давомида экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун бирлашишга тайёр бўлмаган эди. Бироқ бугун вазият тубдан ўзгарди: шубҳа-гумонлар ва носоғлом рақобат ўрнини ишонч, ўзаро тушуниш ва минтақанинг умумий муаммоларига биргаликда ечим излашга интилиш эгаллади.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида "қўшнилар билан муаммосиз муносабатда бўлиш" тамойилини эълон қилган Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий курси бу борада салмоқли роль ўйнагани таъкидланди. Бу минтақани жипслаштиришнинг асосий омили бўлиб, давлатлараро ҳамкорликнинг ноёб моделини шакллантиришга хизмат қилди.

Элдор Арипов иқлим ўзгариши ва сув ресурслари тақчиллиги каби масалалар бугунги кунда минтақавий ҳамкорликни рағбатлантирувчи асосий омил эканлигини таъкидлади. Минтақада иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида сув-иқлим мулоқоти йўлга қўйилди, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилди, Марказий Осиё учун "Яшил кун тартиби" минтақавий дастури тасдиқланди ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия қабул қилинди.

Шу билан бир қаторда, мамлакатлар халқаро майдонларда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда. БМТнинг Дубайдаги иқлим саммити доирасида Марказий Осиёнинг барча давлатлари иштирокида "5 мамлакат - 1 ҳудуд - 1 овоз" номли Марказий Осиё минтақавий павилиони ташкил этилди. У минтақанинг ягона овозини илгари суришга хизмат қилди.

Э.Арипов миллий миқёсда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон ўз олдига стратегик мақсад - ресурсларни тежайдиган, "яшил" ривожланиш моделига ўтиш орқали экологик барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашни қўйганини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу йўналишда сезиларли натижаларга эришилган. Мамлакатда суғориладиган ерларнинг қарийб 2 миллион гектарида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилган бўлиб, бу қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган майдонларнинг 46 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда 9,6 гигаваттлик замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. 2030 йилга келиб, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 16 фоиздан 54 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.

SMTI раҳбари минтақада юзага келаётган бир қатор муаммоларни таъкидлаб ўтди. Асосий муаммолар қаторида иқлимга нейтрал технологияларга ўтиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш учун молиявий маблағларнинг етишмаслиги алоҳида қайд этилди. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва тармоқларни модернизация қилиш учун келгуси 5-10 йил ичида бутун минтақага камида 20 миллиард доллар миқдорида инвестициялар киритиш зарурати мавжуд.

Шу муносабат билан Э.Арипов сув-енергетика соҳасига сармоялар, инновациялар ва технологияларни жалб этиш, шунингдек, соҳа мутахассисларини тайёрлаш устувор вазифалар бўлиб қолаётганини таъкидлади. "Бу масалалар жорий йилда юртимизда ўтказиладиган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” саммитида ҳамда Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда муҳокама қилинади," дея маълум қилди у. Эксперт Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда минтақа ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун асосий майдонга айланишига ишонч билдирди.

1963 йилдан бери ўтказилиб келинаётган Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) халқаро сиёсатни муҳокама қилиш ва энг долзарб глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган дипломатик ташаббусларни тақдим этиш учун дунёнинг етакчи форуми ҳисобланади. У давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек, саноат, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти етакчиларини бир жойга тўплайди.

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech