Судлар ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради.
Бу янгиланган Конституцияда белгиланган суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритиши ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид кафолатларни таъминлаш мақсадида қонунчиликка киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда шу каби масалаллар назарда тутилган.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида мазкур қонун муҳокамаси жараёнида юқоридаги фикрлар билдирилди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Жиноят-ижроия кодексига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ киритилаётган ўзгартишлар билан маҳкумлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилмоқда. Жумладан, маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)га ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.
Қонунчиликка оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловлар ҳамда референдумда иштирок этиш имкониятларини берувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
“Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун билан баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда.
“Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга киритилаётган қўшимчалар билан камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 05.03.2024
- Кўришлар: 1836
- Чоп этиш