Янгилаётган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги уч йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш борасида салмоқли ишлар қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 80 тадан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномасига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тегишли шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларини тақдим этиб келмоқда. Шартномавий қўмиталарнинг якуний тавсиялари инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича миллий қонунчилик ва сиёсатни такомиллаштириш жараёнида ҳисобга олинмоқда.
Ўзбекистон Президенти куни кеча имзолаган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам халқаро мажбуриятлар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қоидаларини бажаришга қаратилган.
Фармонга асосан бир қатор янги қонунлар, амалдаги қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, суд-тергов фаолиятига халқаро стандартлар ва илғор ҳорижий тажрибага асосланган янги механизмлар жорий қилинмоқда.
Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, айниқса, одил судлов жараёнида шахсий дахлсизлик ва ҳимояга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлайди. Қолаверса, ушбу муҳим чора-тадбирлар инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилгандир.
Шу билан бирга, фуқаролардан суд-тергов фаолиятида жиддий камчиликлар сақланиб қолаётганлиги, ноҳақ айбланган ва қонунга зид равишда ушбу фаолият амалга оширилаётганлиги тўғрисида шикоятлар келиб тушаётгани бежиз эмас. Афсуски, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот органи ходими жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳам бугунги куннинг очиқ ва аччиқ ҳақиқатидир.
Бу каби ҳолатларнинг учраши аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва одил судловга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фармонга асосан халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:
Биринчидан, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, суд-тергов фаолияти сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш билан бирга, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;
Учинчидан, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;
Тўртинчидан, жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан, “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимини ҳамда айрим тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни таъминлаш.
Шунингдек, прокурор-криминалист лавозимини жорий қилиш, тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш орқали суриштирув ва дастлабки тергов органларининг кадрлар салоҳиятини ошириш;
Бешинчидан, жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.
Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини инобатга олган ҳолда, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига қуйидаги янгиликлар киритилмоқда:
- тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш;
- жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;
- шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан ҳоли учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;
- ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш;
- айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш ҳамда ярашув институтини қўллаш тартибини такомиллаштириш.
Шунингдек, шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олишни тақиқлаш белгиланмоқда.
Вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
Фармонда назарда тутилган масалалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ҳам қатор вазифаларни юклайди. Тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро стандартлар ва хорижий тажриба қўллашда ўз таклифлари билан қатнашиш ҳамда аҳоли ва экспертлар ҳамжамияти орасида кенг ёритишни таъминлаш шундай вазифалардандир.
Ҳулоса қилиб айтганда, суд-тергов фаолияти соҳасидаги ислоҳотлар Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим тарихий қадамдир.
Мирзатилло Тиллабаев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 14 август)
- Қўшилди: 14.08.2020
- Кўришлар: 4523
- Чоп этиш