Дунё бўйлаб одам савдосига қарши курашиш ҳамон долзарблигини йўқотмади. Чунки дунё бўйлаб миграция жараёнларининг фаоллашгани бу жиноятнинг зимдан ривожланишига шароит яратди. Чунки одамлар мўмай даромад ваъда қилувчи одам савдоси корчалонларининг тузоғига илиниб қолмоқда.
Ўзбекистонда одам савдоси жинояти камайдими? Судларда бу йўналишда қандай ишлар кўриб чиқилмоқда. Тошкент шаҳар суди судьяси Жасур Сирожев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Одам савдосига қарши курашишда, энг аввало, БМТнинг шу мақсадга қаратилган конвенциялари муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонда ҳам одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳуқуқ нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинган.
Кейинги йилларда одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган, деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда мазкур жиноятга қарши курашишнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилмоқда.
– Судларда одам савдоси билан боғлиқ қандай ишлар кўриб чиқилмоқда?
– Кейинги пайтда, минг афсуски, бола сотиш жиноятига қўл ураётган шахслар учраб турибди.
Мисол учун, 1973 йилда туғилган фуқаро М.Яккасарой туман ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлинмасига бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида уч нафар аёл 2-синфда ўқийдиган қизни 100 миллион сўм эвазига сотмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилган.
ДХХ ходимлари ҳамда Яккасарой тумани ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида, Яккасарой тумани Абдулла Қаҳҳор маҳалла фуқаролар йиғинида 1987 йилда туғилган О. исмли аёл, 1996 йилда туғилган Г. Исмли аёл, 1960 йилда туғилган Ҳ. исмли аёл ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, бола сотмоқчи бўлганда қўлга олинган.
Улар 2015 йилда туғилган қизни олиб келиб, болани сотиб олмоқчи бўлган аёлга қизнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасини бериб, унга фарзандини сотишини айтиб, эвазига 8,7 минг ва 800 АҚШ доллари пул маблағларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор ходимлар томонидан бир аёлдан 8,7 минг АҚШ доллари, бошқасидан 800 АҚШ доллари пул маблағлари ва болани сотиб олмоқчи бўлган аёлдан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома далилий ашё сифатида далолатнома асосида расмийлаштириб олинган.
Мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилди. Ишга алоқадор барча шахслар қонунда белгиланган тартибда жазога тортилди.
– Одам савдоси жиноятидан кимлар кўпроқ жабр кўрмоқда?
– 2023 йилда Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан 126 нафар шахс судланиб, уларнинг 84 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 42 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (шартли ва озодликни чеклаш) тайинланган.
Судланганларнинг 111 нафари аёл, 15 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 242 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 151 нафарини аёллар ҳамда 24 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил қилган.
2024 йилнинг январь-май ойларида Жиноят кодексининг 135-моддаси билан 69 нафар шахс судланиб, уларнинг 52 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 17 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (жарима, шартли ва озодликни чеклаш) тайинланди.
Судланганларнинг 53 нафари аёл, 16 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 86 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 63 нафарини аёллар ҳамда 14 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил этди.
Кўриниб турибдики, аёллар ва болалар бу жиноятдан кўпроқ азият чекмоқда.
Тўғри, кейинги йилларда одам савдосидан огоҳ этишга қаратилган тарғибот ишларининг кучайтирилгани натижасида аҳолининг бу иллатдан хабардорлиги ошган. Натижада бундай жиноятлар кескин камайди. Бироқ бу борада ҳеч ким жабр чекмаслиги керак. Одам савдосига қарши курашувчи тузилмалар, кенг жамоатчилик, ҳар биримиз ана шу мақсад йўлида курашишимиз даркор.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.
- Қўшилди: 10.10.2024
- Кўришлар: 630
- Чоп этиш