Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорликнинг ўрни катта. Мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқ ва чеклашларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим босқичини бошлаб берди.
Мазкур қарор қатор имкониятларни ўз ичига олади. Хусусан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини таъминлайди. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаб-қувватлайди. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатади.
Бундан ташқари, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштиради, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини ошириб, суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини шакллантиради.
Қолаверса, қарорда қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш масаласига устувор аҳамият берилган. Шу мақсадда суд қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида қуйидаги тартибда иштирок этиши назарда тутилган.
Биринчидан, давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланиши, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши белгиланган.
Шу билан бирга, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилиши қайд этилган.
Суд қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш лозим.
Мажбурий иштирок этиш – судга маълумот бериш ва (ёки) маълумот олишни, самарали иштирок этиш эса суд жараёнлари ва натижаларини қонунийлаштиришни англатади.
Шу ўринда савол туғилади, суд процессида мажбурий иштирок этиш нима учун муҳим?
Айтиш мумкинки, мансабдор шахс ёки вакилнинг суд мажлисида мажбурий иштирок этиши низоли ҳуқуқий муносабатларни қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширилишида, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда қўшимча имкониятлар яратади.
Мухтасар қилиб айтганда, айни ислоҳотлар давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, адолатли суд тизимини шакллантиришга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Ў.Давлетов,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти.
ЎзА
- Қўшилди: 07.03.2025
- Кўришлар: 187
- Чоп этиш