Агар ҳозирги ўзгаришлар давом этса, яҳудийлар ўз миллати ҳақида очиқ эълон қилиши хавфли бўлади, дейди Тел-Авив университети ва ADL ташкилоти экспертлари.
2023 йил октябр ойида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг, дунё Иккинчи жаҳон урушидан бери энг катта антисемитизм тўлқинини бошдан кечиряпти. Бу хулосалар Тел-Авив университети ва Anti-Defamation League (ADL, «Диффамацияга қарши лига») Америка ташкилоти томонидан 5 май, якшанба куни чоп этилган қўшма тадқиқотида келтирилган.
Ҳужжатда қайд этилганидек, воқеаларнинг бундай ривожланиши Яқин Шарқдаги можаро авж олиши янги босқичи бошланишидан олдин ҳам кутилган эди, бироқ айнан кескинлашув «оловнинг янада кенгайишига» олиб келди.
Мутахассислар ўз хулосаларини 2023 йил учун дунёнинг бир қатор мамлакатлари маълумотларига асосланади. Муаллифлар давлат идоралари, яҳудий ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларни таққослаб, яҳудий диаспоралари катта бўлган кўплаб мамлакатларда, жумладан, АҚШ, Франция ва Британияда ўтган йилга нисбатан антисемитизм ҳодисалари сони сезиларли даражада ошганини қайд этди.
АҚШ ва Германияда антисемитизмнинг намоён бўлиши
Хусусан, 6 миллионга яқин яҳудий истиқомат қиладиган Қўшма Штатларда 2023 йилда 7500 мингта бундай ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти октябрдан декабргача, яъни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин содир бўлган. Таққослаш учун, 2022 йилда Қўшма Штатларда 3700 га яқин ана шундай воқеа содир бўлган.
Германияда тадқиқотчилар 2023 йилда антисемитизмнинг 3600 та ҳолатини санаб чиқди. 2024 йилда уларнинг сони 2600 тани ташкил этди.
«Агар бу тенденция давом этса, яқин орада яҳудийларнинг кўплаб Ғарб давлатларида хавфсиз ҳолда ўз миллатини ифода этиши имконсиз бўлиб қолади», деб хулоса қилинади тадқиқот. Муаллифларнинг таъкидлашича, замонавий антисемитизмга қарши курашдаги асосий қийинчиликлардан бири шундаки, у ўта ўнг ва ўта сўл тарафдорлар орасида, ҳатто жамиятнинг ўрта қатламлари вакиллари орасида ҳам учрайди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 06.05.2024
- Кўришлар: 1495
- Чоп этиш