Бутун дунёда фуқароларнинг сайлов жараёнларига муносабати ўзгармоқда: тобора кўпроқ одамлар сайлов натижаларига эътироз билдиришга уринмоқда, сайловчиларнинг фаоллиги эса пасаймоқда, дея хабар бермоқда Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти.
Охирги беш йил ичида, 2020 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда дунёда демократик сайлов кўрсаткичлари ёмонлашган мамлакатлар сони ушбу кўрсаткичлар яхшиланган мамлакатлар сонидан сезиларли даражада ошиб кетди. Тахминан 25 фоиз давлатлар бу борада вазиятни яхшилаш йўлидан бормоқда, деярли 45 фоиз мамлакатларда эса вазият ёмонлашмоқда. Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти (IDEA) экспертлари шундай хулосага келишди. Ташкилотнинг ушбу мавзудаги ҳисоботи 17 сентябр, сешанба куни эълон қилинди.
Умуман олганда, кузатувчилар дунё бўйлаб одамларнинг сайлов жараёнларига муносабати ўзгарганини қайд этди: сўнгги йилларда сайловчиларнинг иштироки пасайиб, норозилик намойишлари ва тартибсизликлар сони ортиб бормоқда. 2020 йилнинг ўртаси ва 2024 йилнинг ўртаси оралиғида, ҳар бешинчи ҳолатда, ютқазган номзод ёки партия сайлов натижаларини қабул қилишдан бош тортди. Ҳужжатда айтилишича, деярли бир хил частотада сайлов натижалари судга берилган шикоятдан кейин аниқлаштирилган.
«Айрим ҳолларда бундай сигналлар сайловнинг қонунийлиги тўғрисида хавотирларини билдирса, бошқаларида эса рақибнинг ғалабасига бўлган жамоатчилик ишончини бузишга қаратилган уринишлардир», деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
Сайловчиларнинг иштироки ҳақида IDEA экспертлари шундай таъкидлайдилар: «Сайловлар тобора мунозарали бўлиб бораётгани сабабли, глобал сайловларда иштирок этиш кўрсаткичлари пасайиб бормоқда: сўнгги 15 йил ичида сайловчиларнинг қатнашиши ўртача даражаси 65,2 фоиздан 55,5 фоизга тушди».
Сайловларда демократик кўрсаткичларнинг ёмонлашиши
Шу билан бирга, кузатувчилар нафақат репрессив режимлар ҳукм сураётган мамлакатларда, балки «бир неча ўн йиллар давомида дунёдаги энг эркин давлатлардан бири бўлган» давлатларда, хусусан: Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида сайловларнинг демократик кўрсаткичлари ёмонлашганини қайд этмоқда.
Ҳисобот муаллифлари нуқтайи назаридан демократик кўрсаткичларнинг ёмонлашуви, биринчи навбатда, вакиллик (сайлов натижаларига ишонч даражаси ва парламент самарадорлиги) ҳамда ҳуқуқлар (иқтисодий тенглик, сўз ва матбуот эркинлиги) соҳаларида сезиларли.
Ҳисоботда айтилишича, демократик кўрсаткичлар сезиларли даражада пасайган бир пайтда ҳам кўплаб сайловлар қарор қабул қилувчилар устидан халқ назоратини таъминлаш воситаси сифатида ўз мақсадига эришди. Демократия ва сайловга кўмаклашиш бўйича халқаро институт тадқиқотчилари шундай деди: «Ҳукмрон партиялар 2023 ва 2024 йилларда президентлик сайловларида мағлуб бўлишди ва кўплаб сайловларда парламентдаги кўпчиликни бой беришди».
IDEA дунёнинг 179 мамлакатидаги сайловлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 18.09.2024
- Кўришлар: 892
- Чоп этиш