Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая форум турли соҳаларда доимий гендер тенгсизликларни бартараф этиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканини қайд этди.
– Нуфузли анжуман гендер кун тартибини яхлит тарзда муҳокама қилиш учун муҳим имконият яратди, – деди Т.Валовая. – Бу, айниқса, Келажак саммити арафасида муҳим аҳамият касб этди. Мазкур саммит гендер тенглигини “Келажак учун пакт”нинг барча бобларида марказлаштирилган тарзда жойлаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби ташаббуси билан жорий йилда Келажак саммити ўтказилади. Унда халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган масалалар кўриб чиқилади.
Мазкур саммит мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни тиклаш ва умумий келажакни қандай ҳимоя қилиш ҳақида янги халқаро консенсусни шакллантириш учун ноёб имкониятни тақдим этади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1406
- Чоп этиш