Хитой компанияси суддан ўз платформасининг сотилиши, акс ҳолда тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни АҚШ Конституциясига зид деб топишни сўрамоқда.
Хитойнинг TikTok Inc ва ByteDance Ltd компаниялари АҚШ ҳукумати устидан Колумбия округи апелляция судига даъво аризаси берди.
Апрел ойида АҚШ президенти Жо Байден TikTok платформасининг хитойлик эгаси бўлмиш ByteDance компаниясига уни маҳаллий компанияларга 9 ой ичида сотиш мажбуриятини юкловчи, акс ҳолда ижтимоий тармоқ АҚШ ҳудудида тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Расмийлар буни америкаликларнинг шахсий маълумотларини хорижий давлатлардан ҳимоя қилиш бўйича чора сифатида изоҳлади. АҚШ хавотирига кўра, ByteDance Хитой расмийлари билан ҳамкорлик қилади ва америкаликларнинг маълумотларини ноқонуний тарзда узатиши мумкин.
ByteDance компанияси TikTok платформасини сотишдан бош тортди ва судга мурожаат қилишини таъкидлади.
TikTok суддан ушбу қонунни АҚШ Конституциясига зид деб топишни сўрамоқда. Даъвогарларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси АҚШ Конституциясига киритилган «биринчи тузатиш»га зид, у бошқа нарсалар қаторида сўз эркинлигини кафолатлайди. TikTok маълумотларига кўра, 170 миллионга яқин одам фойдаланадиган мамлакатда платформани тақиқлаш Америка фуқароларининг эркин мулоқот қилиш ва фикр алмашиш ҳуқуқларини бузади, бу эса АҚШ Конституциясига зиддир.
Kun.uz
- Қўшилди: 08.05.2024
- Кўришлар: 1558
- Чоп этиш