22 март – Жаҳон сув ресурслари куни
Сайёрамизда аҳоли сони юқори суръатда ўсиб бораётган, глобал иқлим ўзгариши ёғингарчилик миқдорига кескин таъсир кўрсатаётган шароитда сувга талаб тобора ортмоқда. Шу боис дунё сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, оби ҳаётни исроф қилмаслик дунё мамлакатлари барқарор иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга масалалардан бири сифатида эътироф этиляпти.
1992 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича конференциясида сув кунини белгилаш ғояси илгари сурилди. Шу йил 22 декабрда Бош ассамблеянинг ҳар йили 22 мартни “Жаҳон сув ресурслари куни” сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Мазкур ташаббусда фаол иштирок этиш, ҳеч бўлмаса, шу куни ҳар томчиси қадрли бўлган бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланиш ёки кишилар эътиборини айни масалага қаратиш ҳар бир онгли фуқаронинг бурчидир.
Ушбу муҳим санани сув муҳофазасига қаратилган чақириқлар остида ўтказиш анъанага айланган. Турли йиллар давомида “Дунёда сув етарлими?”, “Сув ресурси келажак учун”, “Умумий сув ресурси – умумий имконият”, “Табиат ва сув”, “Сув қадри” каби шиорлар танланган. 2024 йил Жаҳон сув ресурслари куни мавзуси – “Тинчлик учун сув”.
Инсон сув нафақат энг муҳим ресурс, балки ҳаётнинг барча жабҳаларига хос ҳуқуқ эканини англаб яшаши керак. Жаҳон сув кунида эса барча бирлашиб, тинчликка эришиш, эртанги кун янада барқарор ва фаровон бўлиши учун муҳим масаларга эътибор қаратиши лозим.
Барча инсонлар “Тинчлик учун сув” глобал кампаниясининг бир қисми бўлишга чақирилмоқда. Ҳар бир шахс ва оиладан тортиб, компаниялар ва ҳукуматгача ҳамкорлик қилиши, янада уйғун жамиятга йўл очиш учун имкон қадар бирлашиши, ҳамфикр бўлиши шарт.
БМТ инсонларни Жаҳон сув кунига қатнашиш, сув ва тинчлик ўртасидаги боғлиқлик ҳақида кўпроқ маълумот олиш, одамларни оби ҳаёидан оқилона фойдаланишга чақириш, буюк неъматни қадрлашга ундовчи асосий маълумотларни эълон қилди.
Ҳужжатда келтирилишича, фаровонлик ва тинчлик сувга боғлиқ. Иқлим ўзгариши, оммавий миграция ва сиёсий тартибсизлик шароитида давлатлар сув соҳасидаги ҳамкорликни биринчи ўринга қўйиши керак.
Маълумотга кўра, 2,2 миллиард киши ҳануз хавфсиз бошқариладиган ичимлик суви таъминотидан фойдалана олмаяпти. Дунё аҳолисининг қарийб ярми йилнинг камида бир қисмида жиддий сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Охирги 50 йил ичида табиий офатлар рўйхатида сув билан боғлиқ ҳодисалар устунлик қилди ва барча офатлар билан боғлиқ ўлим ҳолатининг 70 фоизини ташкил қилди.
Дарҳақиқат, тоза ичимлик суви – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг муҳим ва зарур манбалардан бири. Сув тикланувчи ресурс бўлса-да, дунё аҳолиси ортиб бориши ҳисобига танқислик муаммоси пайдо бўлган ҳудудлар йил сайин кўпаймоқда. Демак, ҳамма тежамкорликка ўрганиши лозим. Уйда сувни тежаш нафақат қимматбаҳо ресурсни, балки истеъмолчи ҳамёнини ҳам тежашга ёрдам беради. Шу сабабли ҳар бир оилада кичик ёшдан бошлаб маиший турмушда сувни қандай тежаш мумкинлигини билиб олиши ва шунга амал қилиши жуда муҳим.
Масалан, носоз жўмрак, ҳожатхона тизими, маиший техника ёки майсага сув пуркагични зудлик билан тузатиш керак. Оқим сезилар-сезилмас бўлиши мумкин, лекин вақт ўтиши билан кўп сув йўқотилади.
Оддий мисол: тиш юваётганда сувни доимий очиб қўйиш, AҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) хулосасига кўра, бир ойда 700 литрдан ортиқ сувни тежаш имконини беради. Ванни-ҳаммом ўрнига иложи борича камроқ душ қабул қилиш тавсия қилинади. Беш дақиқагача вақт давомида душга тушиш жараёнида 30-45 литр сув ишлатилади. Бу рақамни 300 литр сув сарфланадиган “ванна” билан солиштириш қийин эмас.
Евросиё тараққиёт банки Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондаги суғориладиган ер салоҳиятини сақлаб қолиш, сув таъминоти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласини қандай қилиб самарали ҳал этиш мумкинлиги ҳақида таҳлилий ҳисобот эълон қилди. ЕОТБ экспертлари минтақамиздаги ирригация инфратузилмаси ҳолати, қишлоқ хўжалиги муаммоси, иқтисодиётнинг ушбу тармоғи учун суғориладиган деҳқончилик аҳамиятини ўрганди, Афғонистон томонидан суғориладиган ер ва сув ресурслари ўзлаштирилиши Марказий Осиёга қандай таъсир қилишини баҳолади. Шу асосда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро тажрибадан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Бу жараёнда энг аввало сармоя жалб этиш орқали ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияни ҳар томонлама қўллаш зарур.
ЕОТБ экспертлари фикрича, айни чора-тадбирлар Марказий Осиё мамлакатларига асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат маҳаллий бозорни таъминлаш, балки шу йўналишда экспорт кўламини кенгайтириш имконини ҳам беради. Минтақада сув ресурслари танқислиги муаммосини ҳал этиш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш омилини биринчи навбатда ирригация тизимидан излаш керак.
Бу масалани Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида кўтарган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига юклама уч баробар ошишини таъкидлади.
БМТ маълумотига кўра, минтақа давлатлари сув ресурсларининг танқислиги ва самарасиз фойдаланилишидан йилига 2 миллиард долларгача йўқотади.
Муаммони ҳал қилишда минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўл йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда республикамиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллашга эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган технологиялар жорий этилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим асосдир.
Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йил сайин жиддийлашмоқда. Ҳолатга ҳар биримиз ён-атрофимизда, кундалик турмушимизда гувоҳ бўляпмиз. Бу эса барчани сувнинг инсоният ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақида мулоҳаза юритиш, ичимлик суви етишмовчилиги билан боғлиқ муаммога эътибор қаратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, оби ҳаётни асраб-авайлаш муҳимлигини англаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун тегишли чоралар кўришга чақиради.
Хулоса шуки, Жаҳон сув ресурслари куни ҳаёт манбаини асраш, – сувдан унумли фойдаланиш, энг муҳими, бу борадаги масъулиятни янада теран англашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Гўзал Сатторова, ЎзА шарҳловчиси
- Қўшилди: 25.03.2024
- Кўришлар: 1913
- Чоп этиш