Cўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнларининг кучайиши натижасида табиий чанглар концентрацияси кўрсаткичларининг ошиши ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда. Бу республикада, айниқса, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига таъсир қилмоқда. Айни дақиқаларда Тошкент ҳавосида яна юқори ифлосланиш ҳолатлари аниқланган.
Ҳаво сифати индекси (AQI) маълумотларига кўра, Ўзбекистон пойтахтида ҳаво сифати “зарарли” ва “ўртача” деб баҳоланган. Мутахассислар бу ҳолатни куз-қиш мавсумининг бошланиши ва иситиш тизимларининг ишга туширилиши билан боғлиқ эканини қайд этди.
– Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши аслида иккита омил билан рўй беради. Биринчиси, табиий жараёнлар натижаси бўлса, иккинчиси антропоген омиллардир, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бош мутахассиси Баҳром Эсонов. – Ҳозирда ҳавонинг ифлосланиши айнан куз-қиш мавсумининг бошланиши ва иситиш тизимларининг ишга туширилиши билан боғлиқ.
Шунингдек, атроф-муҳит ёмонлашувининг асосий сабаблари кўмир ва мазутда (қорамой) ишлайдиган электр станциялари чиқиндилари, автомобиль транспорти орқали ҳавонинг ифлосланиши ва доимий шаҳар қурилиши туфайли яшил майдонларнинг қисқариши билан боғлиқ. Марказий Осиё денгизлардан узоқда, қуруқлик марказида жойлашгани ҳам бевосита минтақа атмосферасининг ҳавосига таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида бир қанча саноат корхоналари, иссиқхоналар мавжуд. Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 миллион тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 миллион тоннага етган. Бу каби ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилган.
Эндиликда мавжуд қонунчиликка асосан, 2025 йилдан иссиқхоналарда юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалайдиган ускуналарни ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, транспортлардан чиқадиган зарарли тутунларнинг олдини олиш мақсадида ҳар ой бир кун автомобилсиз кун ташкил этилмоқда. “Ўзгидромет” томонидан ноқулай об-ҳаво юзага келиши эълон қилинганида саноат корхоналарининг қувватини биринчи босқичда 20 фоизга, иккинчи босқичда эса 40 фоизгача камайтириш белгилаб берилган. Бу бўйича барча саноат корхоналарига огоҳлантириш хатлари чиқарилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 08.11.2024
- Кўришлар: 510
- Чоп этиш