Пойтахт атрофидаги 631 та иссиқхонанинг ярмидан кўпи кўмир, баъзан резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланаётгани маълум қилинди. Экопартия муаммога Эковазирлик ва Бош прокуратурадан тезкор чоралар кўришни сўраб, депутатлик сўрови киритишини маълум қилди.
Экологик партия Тошкент шаҳри ҳавосининг куз-қиш ойларида кўпроқ ифлосланаётгани муаммосига нималар сабаб бўлаётгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, йирик шаҳарларда атмосфера ҳавосининг ёмонлашувига зарарли ташламалар, турғун манбалар ва транспорт воситалари кўпроқ сабаб бўлади. Партия иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши сабаб углеводородлардан, кўмир ёқилғисидан фойдаланишнинг ошиши кузатилаётганини қўшимча қилган.
Экопартия маълумотига кўра, Тошкент шаҳри атрофида 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритяпти. Уларнинг 60 фоизи кўмирдан, баъзан эса резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланяпти. Шаҳар ҳавосининг ёмонлашувида иссиқхоналарнинг таъсири кўп.
Шунингдек, партия ҳавонинг ифлосланишига кўп саноат корхоналарида ускуналарнинг маънан эскиргани ва аксарият корхоналар замонавий филтрлар ўрнатмаётганини сабаб қилиб кўрсатган.
Экопартия атмосфера ҳавоси ифлосланишига оид ҳар қандай ҳолатдан хавотирда эканини билдирган. Эковазирлик ва Бош прокуратурадан тезкор чоралар кўришни сўраб, депутатлик сўрови киритишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошган эди. Ифлосланишнинг асосий сабаби PM2,5 заррачаси бўлиб, ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлгани маълум қилинганди.
Kun.uz
- Қўшилди: 07.11.2024
- Кўришлар: 456
- Чоп этиш