Форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Франция каби давлатларидан 120 нафар иштирокчи, 40 нафар спикер, шу жумладан, журналистлар, медиа-ташкилотлар вакиллари, медиа-экспертлар, мутасадди давлат органлари масъуллари, шунингдек, таниқли медиа ходимлари, мутахассислар иштирок этмоқда.
Унинг очилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез хоним, CFI бош директори Тьерри Валлат, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхўжа Қудратхўжа, Франциянинг Аудиовизуал ҳамкорлик бўйича минтақавий атташеси Эммануэл Фосийонлар сўзга чиқиб, ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталдилар.
Эътироф этилганидек, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Франция мутахассислари ва экспертларини тўплаган форум дезинформация, медиасаводхонлик, журналистика этикаси, оммавий ахборот воситаларини рақамлаштириш ва молиялаштириш каби бугунги тез ўзгариб бораётган дунёда муҳим аҳамиятга эга масалалар муҳокамасига бағишланган.
Уч кун давом этадиган Форум доирасидаги тадбирларда дезинформацияга қарши кураш, журналист этикаси, медиасаводхонлик, журналистиканинг замонавий таҳдидлари, журналистлар ва ахборот хавфсизлиги, аудиторияни кенгайтириш мезонлари, ОАВ учун рақамли стратегия, сунъий интеллект ва фейк хабарларни олдини олиш ва бошқа кўплаб долзарб мавзуларда бевосита суҳбат, мулоқот, савол-жавоблар бўлиб ўтади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти