Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрида Туркий давлатлар Парламент Ассамблеясининг (ТуркПА) 13-ялпи мажлисида иштирок этди.
«Турк дунёси учун яшил уфқлар: яшил кун тартибини амалга оширишда парламентларнинг роли» мавзусига бағишланган тадбирда ТуркПАга аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, шунингдек, кузатувчи давлатлар делегатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар «яшил» иқтисодий ўсишни таъминлаш, яшил энергияни жорий қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бу борада парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Нуфузли анжуманда сўзга чиққан Сенати Раиси Т.Норбоева «яшил кун тартиби» бўйича парламентлар даражасида ҳамкорлик кенг истиқболларга эга эканлигини алоҳида қайд этди. Йиғилиш мавзусининг долзарблигини таъкидлаб, илмий-тадқиқот институтлари, марказлар, тегишли қўмиталарнинг мунтазам ҳамкорлигини таъминлаш зарурлигига иштирокчилар эътиборини қаратди. Биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматларга тақдим этиш амалиётини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Ялпи мажлисда қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги имкониятлар ва экологик тоза энергия ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти кўриб чиқилди. Бу анъанавий энергия ресурсларига қарамликни камайтириш ва экологик нуқтайи назардан ижобий натижаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.
«Яшил энергия»дан фойдаланиш, замонавий технология ва инновацияларни қўллашни рағбатлантириш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди. Бу борада ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда амалга ошириладиган чоралар бўйича фикр алмашилди.
Ялпи мажлис якунлари бўйича Боку декларацияси қабул қилинди.
***
Бокуга амалий ташриф доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева Венгрия Миллий Ассамблеяси вице-спикери Марта Матрай билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлигининг муҳим йўналишлари кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни, ижтимоий соҳадаги алмашинувни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат етакчи олий ўқув юртлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари томонларнинг диққат марказида бўлди. Муносабатларни мустаҳкамлашнинг амалий механизми сифатида парламентлараро дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштиришга келишиб олинди.
***
Сенат Раиси Танзила Норбоева Боку шаҳрида Малайзия парламенти Сенати Раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамад бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Томонлар Ўзбекистон – Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатлари фаол кенгайишидан, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестиция, маданий-гуманитар, туризм соҳаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Айнан бу борадаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Малайзия Бош вазирининг ўзаро ишонч ва конструктив руҳдаги муносабатлари муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Учрашувда таълим йўналишида қўшма дастурларни амалга ошириш, машинасозлик ва мураккаб технологиялар соҳаларида кадрлар малакасини ошириш, зиёрат туризми бўйича лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан фикр алмашилди.
Парламентлараро ҳамкорлик масаласида мунтазам мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар фаоллашиб бораётгани, уларни янада кенгайтириш учун «дўстлик гуруҳлари» ишини фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Парламент назорати доирасида олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди. Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Малайзия Сенатлари ҳамкорлигига оид тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда амалий ҳаракатлар, яъни, қонун ижодкорлиги, парламент назорати, қўмиталар ҳамкорлиги ва ҳудудларни ривожлантириш каби масалаларни акс эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 10.06.2024
- Кўришлар: 1534
- Чоп этиш