Туркияда одам савдоси қурбонига айланган ўзбекистонлик мамлакат Бош консулхонаси саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонга қайтарилди.
Бош консулхона маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси Ҳ.Ф. ўз аризасида яқин қариндоши М.А. уни Туркиянинг Мугла вилоятидаги The Pera Hotel Marmaris меҳмонхонасида зўрлик билан ушлаб турганини маълум қилган.
Бош консулхона ва Туркиянинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳолат мурожаатчи айтганидек бўлиб чиқди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида Ҳ.Ф озод этилди ва Истанбулга олиб келиниб, хавфсиз жойга жойлаштирилди.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ҳолатга алоқадор бўлган ва Туркияда одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ватандош Ҳ.Ф эса шу йил 15 ноябр куни Ўзбекистонга қайтарилди.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ватандошлардан хорижга ишга боришда ниҳоятда эҳтиёт бўлишни, фирибгар ва жиноятчиларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликни сўради. Агар қийин вазият юзага келса +905535411717 (24/7) телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 26.11.2024
- Кўришлар: 801
- Чоп этиш